Блогер Сирожиддин Одилов ишида суд тергови қайта тикланди
Суд мажлисида раислик қилувчи иш доирасида ҳали далилларга етарлича баҳо берилмагани, текширилиши зарур бўлган ҳолатлар борлигини айтиб, суд терговини қайта тиклаш ҳақида ажрим чиқарди

Бугун, 17-август куни ЖИБ Жиззах шаҳар судида блогер Сирожиддин Одиловга нисбатан юритилган жиноят иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Vaqt.uz мухбири хабар берди.
Маҳкамада раислик қилувчи судя Санжар Расулов иш доирасида ҳали далилларга етарлича баҳо берилмагани, текширилиши зарур бўлган ҳолатлар борлиги ва бу ишларга фақат суд терговида баҳо бериш мумкинлигини инобатга олган ҳолда, суд терговини қайта тиклаш ҳақида ажрим чиқарди.
«Жиноят иши доирасида алоҳида ажратилган ҳолатлар бор. Шу ишлар бўйича ҳам тергов органи маълумотларини сўраймиз. Шундан сўнг музокара қисми қайта ўтказилади ва кейин суд ҳукми эълон қилинади. Ҳозир шошма-шошарлик қилмаган маъқул», — деди у.
Иш доирасида навбатдаги маҳкама 24-август, душанба кунига белгиланди.
«Sirojiddin Media» ким?
Сирожиддин Одилов YouTube’даги «Sirojiddin Media» канали орқали танилган блогер. У ижтимоий тармоқларда турли мавзулардаги видеолар ва чиқишлари билан аудитория тўплаган.
Одиловга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақидаги илк расмий хабар 2026-йил 11-март куни тарқалган. Ўша пайтда Самарқанд вилояти ИИБ маълумотига кўра, Паст Дарғом туманида яшовчи фуқаро блогер устидан шикоят қилган. Фуқаро 2024-йил августида Сирожиддин Одиловга бошқа шахс билан ўртасидаги молиявий масалани ҳал қилиб беришни сўраб мурожаат қилган. ИИБ маълумотида Одилов ваколатли шахс бўлмаса-да, масалани ҳал қилиб беришни ваъда қилгани ва бунинг эвазига пул олгани, кейинчалик ваъдасини бажармагани айтилган.
Шундан сўнг Одиловга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми (фирибгарлик) ҳамда 211-моддаси (пора бериш) билан боғлиқ жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинган. Унга қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Аммо иш судга етиб келгач, судда кўрилаётган айбловлар бошқа моддалар билан кўрсатилган.
Айблов моҳияти
Маълумот ўрнида, блогер Сирожиддин Одилов Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «а» банди (товламачилик) ҳамда 168-моддаси 3-қисми «б» ва «в» бандларида (фирибгарлик) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда. У шу айбловлар билан 9-март куни қўлга олинган.
Олдинги суд мажлисларида нималар бўлди?
20-июл куни Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судида блогер Сирожиддин Одиловга нисбатан юритилган жиноят иши бўйича биринчи суд маҳкамаси бошланганди. Суд аввалида «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов судга илтимоснома киритиб, судланувчининг қаратилган қилмишлари ижтимоий хавфлилик даражаси юқори эмаслиги, унинг қарамоғида вояга етмаган 4 фарзанди борлигини маълум қилганди. Шунингдек, тергов даврида С. Одиловнинг соғлиғида жиддий муаммолар юзага келгани, хусусан, 40 килограммгача вазн йўқотгани, тишлари тўкилиб кетгани ва унда қандли диабет касаллиги тахмин қилинаётганини билдириб, унга нисбатан қўлланилган қамоқ эҳтиёт чорасини ўзгартиришни сўради.
Мазкур илтимосномани адвокатлар ва судланувчининг ўзи ҳам қўллаб-қувватлади. Бироқ давлат қораловчиси — прокурор Нодир Жафаров эҳтиёт чорасини ўзгартиришга эътироз билдирди.
Суд ҳайъати маслаҳатхонадан қайтгач, судя С. Расулов илтимосномани рад этиш ҳақида ажримни ўқиб эшиттирди. Суд раиси мазкур қарор суднинг якуний позицияси ёки жазо чораси эмаслигини, бироқ Одилов Жиноят кодексининг 165-моддаси билан жалб этилганини инобатга олган ҳолда, амалдаги эҳтиёт чораси ўзгаришсиз қолдирилганини тушунтирди.
24-июл куни иккинчи суд бўлиб ўтди. Унда кўриб чиқилиши режалаштирилган умумий 6 та эпизоддан 5 таси бўйича иш тафсилотлари ўрганилди. Мажлис давомида жабрланувчиларнинг кўрсатмалари тингланиб, улар судя, прокурор ҳамда адвокатлар томонидан сўроқ қилинди.
Блогерга оид суд ишининг 11-август куни давом этган навбатдаги мажлисида давлат айбловчиси судланувчига 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланишини сўради.




