«Бу юрт буюк уламоларнинг ватанидир»: Афғонистон ҳукумати Ўзбекистон ҳақидаги баҳсли баёнотни рад этди
Ўзбекистоннинг Кобулдаги элчихонаси вазият юзасидан ўрганиш ўтказиб, Афғонистон ҳукуматининг расмий раддиясини эълон қилди.
© Ijtimoiy tarmoqlarАфғонистоннинг Фазилатларни тарғиб қилиш ва ёмонликларнинг олдини олиш вазирлиги ижтимоий тармоқлар ва ОАВда Ўзбекистонга нисбатан айтилгани иддао қилинган салбий баёнотлар ҳақиқатга мутлақо тўғри келмаслигини билдирди ва буни фактларни бузиш деб атади.
Ўзбекистон Республикасининг Афғонистондаги элчихонаси баёноти
«Айрим оммавий ахборот воситаларида Афғонистоннинг амалдаги ҳукумати расмийси Ўзбекистон ҳақида танқидий баёнот бергани ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистоннинг Кобулдаги Элчихонаси ушбу хабарлар юзасидан зудлик билан тегишли ўрганиш ишларини олиб борди.
Жорий йил 16 июл куни Кобулдаги Элчихонамиз номига Фазилатларни тарғиб қилиш ва ёмонликларнинг олдини олиш вазирлиги томонидан раддия мурожаати келиб тушди.
Унда айрим доиралар ва оммавий ахборот воситалари вақти-вақти билан икки қардош давлат ўртасидаги ишонч ва яхши қўшничилик муносабатлари муҳитига путур етказишга ва фактларни бузиб, уларни нотўғри талқин қилиш орқали ўзларининг ғайрли мақсадларига эришишга ҳаракат қилиши таъкидланган. Жумладан, раддия мурожаатида қуйидагилар келтирилган:
«Биродар Ўзбекистон бўйича позициямиз аниқ. Ушбу юрт ислом умматининг кўплаб буюк уламолари, жумладан Имом Бухорийнинг муқаддас Ватанидир. Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида чуқур диний, тарихий, маданий ва халқлар муштараклиги мавжуд. Биз ушбу муносабатлар ва ўхшашликларни алоҳида қадрлаймиз. Шу боис айрим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон деб салбий талқин қилинган баёнот ва чиқишлар ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди. Биз бундай даъволарни қатъиян рад этамиз ва уларни фактларни бузиш, деб атаймиз. Икки давлат ўртасидаги биродарлик, ўзаро ҳурмат ва яхши муносабатлар муҳити бундан кейин ҳам янада мустаҳкамланишига ишонч билдирамиз».
«Толибон» вазири гаплари
Жорий йилнинг 10 июл куни «Толибон» муваққат ҳукуматининг Фазилатни тарғиб қилиш ва бузуқликнинг олдини олиш вазири Холид Ҳанафий Ўзбекистонга қарши баёнот бериб, «бир вақтлар ислом цивилизацияси ва илм-фанининг энг муҳим марказлари бўлган Самарқанд, Бухоро ва Термиз шаҳарларида бугун исломдан фақат номи қолган» дея даъво қилгани айтилган хабарлар тарқалганди.
Вазир Ислом умматига раҳбарлик қилиш вазифаси уламолар зиммасида бўлиши лозимлигини урғулаган ва Ўзбекистон диний уламоларини ҳам танқид қилган. Унинг айтишича, мамлакатда диний масалалар бўйича қарорларни уламолар эмас, балки дунёвий давлат тизими белгиламоқда.
Шунингдек, «Толибон» мулозимига кўра, Ўзбекистон бой исломий меросга эга бўлишига қарамай, Исломдан анча узоқлашган.
Ўзбекистон ТИВ муносабати
Мазкур шов-шувли хабарлар ортидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Омонулла Файзиев ҳолат юзасидан изоҳ бериб, тарқалган хабарларни мутлақо асоссиз ва «дезинформация» деб атаган эди. Унга кўра, тарқалган баёнот расман эълон қилинмаган, Афғонистон расмий ОАВлари томонидан тарқатилмаган, шунингдек, мазкур масала юзасидан Ўзбекистон элчиси афғон томони билан гаплашиб, вазиятга аниқлик киритган эди. Тарқалган баёнот расман эълон қилинмаган ва Афғонистон расмий оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатилмаган.
Матбуот котибининг сўзларига кўра, мазкур масала юзасидан Ўзбекистон элчиси афғон томони билан гаплашган ва вазиятга аниқлик киритилган.
Ўзбекистон ва «Толибон» муносабатлари
Сўнгги йилларда расмий Тошкент «Толибон»нинг энг яқин сиёсий ва иқтисодий ҳамкорларидан бири бўлиб келмоқда. 2021-йилда республика тузуми ағдарилганидан кейин Ўзбекистон Марказий Осиё давлатларидан ташқари «Толибон» билан иқтисодий ва сиёсий алоқаларни ўрнатиш ҳамда кенгайтиришга энг кўп ҳаракат қилган давлат бўлди.
Ўзбекистоннинг «Толибон» бошқараётган Афғонистонга муносабати, аввало, иқтисодий манфаатларга асосланган. Тошкент Афғонистонни ўз маҳсулотлари ва сармоялари учун қулай бозор сифатида кўради.
Айнан шу ёндашув Ўзбекистонни «Толибон» билан ҳамкорлик қилишдаги сиёсий харажат ва хавфларни қабул қилишга ундади. Бугун Афғонистон Хитой, Россия, Қозоғистон ва Туркиядан кейин Ўзбекистоннинг бешинчи йирик савдо ҳамкори ҳисобланади.
Фақат 2026-йилнинг дастлабки беш ойида икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси қарийб 1 миллиард долларга етди. Шу доирада икки томон ўртасида илиқ сиёсий муносабатлар ҳам шаклланган. Ҳатто Термиз шаҳрида қўшма савдо маркази ташкил этилган бўлиб, у кўплаб тадбиркорлар ва фуқароларга визасиз қатнаш имконини беради.





