Эрон янги банкнотани муомалага киритди
Эрон ҳукумати юқори инфляция ва уруш шароитида нақд пулга талаб кескин ошгани сабаб тарихда энг йирик номиналдаги — 10 млн риаллик янги банкнотани муомалага чиқарди.

Марказий банк маълумотига кўра, янги пул бирликлари банклар орқали тарқатила бошланган. Электрон тўлов тизимлари ишдан чиқиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар сабаб, аҳоли орасида нақд пулга талаб кескин ошди. Бу ҳақда «Financial Times» маълум қилди.
Банкнота қиймати
Янги банкнота қиймати тахминан 7 долларга тенг бўлиб, у энг юқори номиналга айланди. Унинг олд томонида IX асрга оид Язд шаҳридаги Жоме масжиди, орқа қисмида эса қадимий Бам қалъаси тасвири жойлашган.
Нақд пул танқислиги
Расмийлар ушбу қарор аҳолининг нақд пулга бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида қабул қилинганини таъкидламоқда. Шу билан бирга, дебет карталари, мобил ва интернет-банкинг каби электрон хизматлар асосий тўлов воситаси бўлиб қолиши айтилган. Бироқ амалда банклар мижозларга чекланган миқдорда нақд пул бермоқда.
Маҳаллий аҳоли вакилларининг таъкидлашича, бир неча соат навбатда турилганига қарамай, кўп ҳолларда етарли миқдорда пул олиш қийин. Бу эса уруш шароитида молиявий тизимга бўлган ишонч пасайганини кўрсатмоқда.
Йиллик инфляция кўрсаткичи
Иқтисодий вазият эса йиллар давомидаги санкциялар, юқори инфляция ва миллий валютанинг қадрсизланиши таъсирида аллақачон оғирлашган. Сўнгги маълумотларга кўра, йиллик инфляция 47,5 фоизни ташкил этган, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи эса 100 фоиздан ортиқ ошган.
10 млн риаллик банкнотлар муомилага чиқарилгунича Эрондаги энг йирик купюра 5 млн риал бўлиб турганди. Марказий банк уни феврал ойи бошида муомилага чиқарган.





