Глобал терроризм индекси: Покистон биринчи ўринда

Иқтисодиёт ва тинчлик институти ҳисоботига кўра, 2025 йилда Покистон терроризм оқибатларидан энг кўп жабр кўрган давлат сифатида қайд этилди.

Глобал терроризм индекси: Покистон биринчи ўринда

Глобал терроризм индекси ҳисоботига кўра, Покистон илк бор терроризм оқибатларидан энг кўп жабр кўрган давлат сифатида эътироф этилди. 2025 йил якунига кўра мамлакатда 1139 киши ҳалок бўлган ва 1045 та террорчилик ҳужуми содир бўлган. Бу кўрсаткич 2013 йилдан бери энг юқори даража ҳисобланади.

Террорчилик кескинлашуви сабаби

Мутахассислар вазият кескинлашувини аввало «Таҳрики Толибон Покистон» фаолиятининг кучайиши билан изоҳламоқда. Бу гуруҳ 2025 йилда дунёдаги энг қонли террорчи ташкилотлар қаторига кирди. Ҳисоботда ТТП қурбонлар сони ошган ягона йирик гуруҳ сифатида қайд этилган.

Таҳлилчиларга кўра, 2021 йилда Афғонистонда Толибон ҳокимиятга қайтгач, минтақада хавфсизлик муҳитида жиддий ўзгаришлар юз берди. Чегарада назоратнинг заифлашиши, давлат бошқаруви чекланган ҳудудлар ва икки давлат орасидаги зиддиятлар жангари гуруҳлар учун қулай шароит яратди. ТТПдан ташқари, Балучистон озодлик армияси каби гуруҳлар ҳам ҳужумлар сонини ошириб, вазиятни мураккаблаштирди.

Глобал кўрсаткичлар бўйича 2025 йилда терроризм даражаси пасайган бўлса-да, Покистон бу тенденциядан мустасно бўлди. Ҳисобот муаллифлари мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш учун комплекс чоралар зарурлигини таъкидлади. Покистон билан бир қаторда, Буркина Фасо, Нигер, Нигерия ва Мали каби Африка давлатлари ҳам юқори рейтингда қайд этилган.

Марказий Осиё давлатларидаги вазият

Марказий Осиё давлатлари эса терроризм хавфи паст ҳудудлар қаторига киради. Тожикистон — 41-ўрин, Ўзбекистон — 96-ўрин, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон — 100-ўрин. Ўзбекистон 2023 йилда 70-ўрин, 2016 йилда 125-ўрин, 2019 йилда эса 132-ўринни эгаллаган эди.

Teglar

Mavzuga oid