Logo

«Ҳаммаси жойида» — Халқаро қидирувга берилгани айтилган «Anorbank» акциядори атрофидаги хабарларга банк ва регулятор изоҳ берди

Bugun 22:493 daqiqa

«Anorbank» акциядори халқаро қидирувга берилгани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқалгач, аҳоли орасида банк фаолиятига оид турли саволлар ва хавотирлар пайдо бўлди. Ҳолатга нисбатан банк ва Марказий банк муносабат билдирди.

«Ҳаммаси жойида» — Халқаро қидирувга берилгани айтилган «Anorbank» акциядори атрофидаги хабарларга банк ва регулятор изоҳ берди © Kollaj

Ўзбекистонлик молиячи ва «Anorbank»нинг асосий акциядорларидан бири Қаҳрамонжон Олимов халқаро қидирувга берилгани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда банк мижозлари орасида турли саволларни келтириб чиқарди. Банк ва Марказий банк вазият юзасидан муносабат билдирди.

18-сентябр куни Россиянинг «The Insider» нашри Олимов Ўзбекистонда сиртдан ҳибсга олингани ва халқаро қидирувга берилгани ҳақида хабар берди. Нашр бу маълумотни унга яқин манбага таяниб эълон қилган.

«The Insider» маълумотларига кўра, Олимов 2025 йил ёзида Францияда ўғирлаб кетилгани ва қийноққа солингани даъво қилинган. Энди унинг ўзи ушбу одам ўғирлашни ташкил этганликда гумон қилинаётгани айтилмоқда. Нашр бу иш бўйича расмий маълумотлар ҳозирча очиқланмаганини ҳам қайд этган.

Шунингдек, нашр бу воқеани Олимовнинг собиқ иш берувчиси ва бизнесдаги рақиби Ботир Раҳимов («Ботир Алюминий» тахаллуси билан машҳур, «Капиталбанк» асосчиси) билан узоқ йиллик молиявий низоси билан боғлаган. Унга кўра, Раҳимов Олимовдан 200 миллион доллардан ортиқ компенсация талаб қилган.

«The Insider» таъкидлашича, Олимов Раҳимовни молиявий даъволаридан воз кечишга мажбурлаш учун унинг ўғирланишини ташкил қилганликда гумон қилинмоқда. Айни пайтда бу маълумотлар Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан расман тасдиқланмаган.

«Акциядорнинг шахсий масалаларини банк фаолияти билан аралаштириш нотўғри» — «Anorbank» расмий муносабати

Бу хабарлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиши ортидан «Anorbank» ҳам вазият юзасидан расмий баёнот берди. Банк акциядорлардан бирининг шахсий масалалари унинг капитали, бошқаруви ва операцион фаолиятига алоқадор эмаслигини таъкидлади.

«Anorbank»нинг маълум қилишича, ушбу масала бўйича банкка ҳеч қандай расмий тасдиқ ёки сўров келиб тушмаган. Турли манбаларда тарқалаётган маълумотлар эса ваколатли органлар томонидан тасдиқланмаган.

Банк ҳозирда одатдаги иш тартибида фаолият юритаётганини, барча банк операциялари, мижозларга хизмат кўрсатиш ҳамда мижозлар ва ҳамкорлар олдидаги мажбуриятлари белгиланган тартибда бажарилаётганини билдирди.

Anorbank мижозлар ва жамоатчиликни текширилмаган ҳамда аноним манбалар тарқатаётган маълумотларга танқидий ёндашиб, фақат расмий манбалар томонидан тасдиқланган ахборотга таянишга чақирди.

«Ҳаммаси жойида» — Марказий банк изоҳи

Марказий банк «X» платформасида сўровларга изоҳ қолдириб, «Anorbank» одатдаги тартибда фаолият юритаётганини маълум қилди.

 «Ҳаммаси жойида. «Anorbank» одатдаги тартибда ишламоқда: омонат, кредит, тўлов ва бошқа хизматлар узлуксиз давом этмоқда», — дейилади Марказий банк изоҳида.

Регуляторнинг таъкидлашича, алоҳида акциядор билан боғлиқ ҳолат банкнинг кундалик операцион фаолияти ва молиявий барқарорлигини бевосита белгиламайди.

«Банк мижозлар олдидаги мажбуриятларини бажариб, фаолиятининг узлуксизлигини таъминламоқда», — дея қайд этган Марказий банк.

«Anorbank»нинг молиявий кўрсаткичлари қандай?

2026 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, «Anorbank»нинг активлари 21,4 трлн сўм, мажбуриятлари эса 19,8 трлн сўмни ташкил этган.

Банкнинг ликвидлик кўрсаткичлари Марказий банк томонидан белгиланган минимал талаблардан юқори бўлган. Жумладан, юқори ликвидли активларнинг жами активлардаги улуши 16,9 фоизни ташкил этган, минимал талаб эса 10 фоиз этиб белгиланган.

Шунингдек, ликвидликни қоплаш меъёри (LCR) 116 фоиз, соф барқарор молиялаштириш меъёри (NSFR) 128 фоизни ташкил этган. Ҳар икки кўрсаткич бўйича минимал талаб 100 фоизга тенг.

Банкнинг регулятив капитал монандлиги коэффициенти 13 фоиз бўлган. Бу ҳам белгиланган 12 фоизлик минимал талабдан юқори.

Бундан ташқари, Марказий банкнинг банк тизими бўйича таққослама маълумотларига кўра, 2026 йил 1 август ҳолатида «Anorbank» активлари 20,2 трлн сўмни ташкил этган. Активлар ҳажми бўйича банк бир йил ичида тизимдаги банклар орасида 17-ўриндан 14-ўринга кўтарилган.

Шу даврда банкнинг депозит портфели 16,2 трлн сўмга етиб, бир йил ичида 44 фоизга ошган. Банк тизими бўйича депозитларнинг ўртача ўсиши эса 34 фоизни ташкил этган. Депозит портфели ҳажми бўйича «Anorbank» 13-ўриндан 12-ўринга, давлат улуши бўлмаган банклар орасида эса 6-ўриндан 5-ўринга кўтарилган. Умуман олганда, келтирилган кўрсаткичлар «Anorbank»нинг ликвидлиги, капитали ва депозит базаси бўйича ижобий динамикага эга эканини кўрсатади.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 206

Barchasi

Mavzuga oid