Ҳафта дайжести — муҳим воқеалар шарҳи
«Анорбанк» асосчиси Интерпол қидирувига берилди, шов-шувларга сабаб бўлган Беҳзод Мусаев янги лавозимга тайинланди, 186 миллиард сўм бюджет маблағини талон-торож қилинганликда айблангани айтилган Бекмурод Абдуллаев ҳам яна раҳбарлик курсисига ўтирди, боғчада омбор мудири 5 ёшли қизни зўрлади, Мирзиёев Андижондаги муаммолар сабаб Тошкентда тинч ўтира олмаётганини айтди.
Ҳафта давомида содир бўлган шу ва бошқа воқеа-ҳодисалар тафсилотини Vaqt.uz дайжестида билиб олинг.
Беҳзод Мусаев янги лавозимга тайинланди
Сўнгги вақтларда Миграция агентлиги фаолияти ва унинг раҳбарияти атрофидаги муҳокамалар марказида бўлиб келаётган Беҳзод Мусаев янги лавозимга тайинланди. У бундан буён «Ватандошлар» жамоат фонди раиси ҳисобланади.
Мусаев 2026-йил 3-сентябр куни президент қарори билан агентлик раҳбарлигидан олинди. Унинг ўрнига Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов тайинланди.
Мусаев Миграция агентлигига 2024-йил сентябридан буён раҳбарлик қилиб келган. Бунгача у бир қатор юқори лавозимларда, жумладан, Солиқ қўмитаси раиси, соғлиқни сақлаш вазири, бош вазир ўринбосари ҳамда камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири сифатида фаолият юритган.
«Ватандошлар» жамоат фонди 2021-йилда хорижда яшаётган ўзбекистонликлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ватандошлар билан ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган.
Мусаевнинг янги лавозимга тайинланиши фонида агентлик фаолияти билан боғлиқ аввалги баҳслар ҳам яна кун тартибига чиқди.
Жумладан, миграциянинг Жанубий Кореядаги собиқ ваколатхонаси раҳбари Азизбек Тоштемиров ўзининг «Корея 24» каналида Мусаевга нисбатан турли айбловларни илгари сурган. Хусусан, у Мусаевни қиймати 150 минг доллар экани айтилган автомобилни ўзлаштириш ва бошқа иддаолар билан айблаган эди.
Энди Мусаев «Ватандошлар» фонди орқали хориждаги ўзбекистонликлар билан ишлаш, улар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва ватандошларни қўллаб-қувватлаш йўналишида фаолият юритади.
Собиқ мулозим пулни тўлаб яна раҳбар бўлди
186 миллиард сўм бюджет маблағини талон-торож қилинганликда айбланиб қамоққа олинган, 4 ой ўтмай эса давлатга етказилган зарар қоплаб берилгани учун озодликка чиққан Бекмурод Абдуллаев яна мулозимлик курсисига қайтди. Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи билан генерал-майор Абдуллаев Чилонзор тумани ИИБ бошлиғи бўлди.
2021-йилнинг апрелида ички ишлар вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланган Бекмурод Абдуллаев 2025-йилнинг 3-ноябр куни ишдан бўшатилганди. Президент Шавкат Мирзиёев 2026-йилнинг 27-январ куни ўтган видеоселектор йиғилишида Абдуллаев ва Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи Рустам Турсуновга нисбатан давлат харидлари доирасида 186 миллиард сўм бюджет маблағи талон-торож қилингани бўйича жиноят иши қўзғатилгани, вазир ўринбосари қамоққа олинганини айтди.
Апрел ойининг ўрталарига келиб, Абдуллаев томонидан давлатга етказилган зарар қоплаб берилгани учун озодликка чиққани ҳақида хабарлар тарқалди, бироқ ҳуқуқ-тартибот органлари бу хабарларни тасдиқлагани йўқ, лекин рад ҳам этмади.
Кейинроқ, Абдуллаев, Турсунов ва яна 28 кишига оид жиноят иши шахсий ҳаётга оид ҳамда қонун билан муҳофаза этиладиган бошқа маълумотлар мавжудлиги сабабли ёпиқ суд мажлисида кўрилаётгани айтилди. Суд якунлари бўйича эса расмий маълумот берилмади. Маълумотларга кўра, Абдуллаевга қўйилган айбловлар ўз исботини топмаган ва у оқланган.
«Анорбанк» асосчиси Интерпол қидирувига берилди
Бир пайтлар Францияда ўғирлаб кетилгани айтилган «Анорбанк» асосчиси энди Интерпол қидирувида. Қаҳрамонжон Олимов атрофидаги воқеалар янги бурилиш олди. Унинг исми ташкилотнинг red notice, яъни «қизил хабарнома» карточкасига жойлаштирилди.
Олимов 2025-йилнинг ёзида Францияда ўғирлаб кетилгани ва қийноққа солингани даъво қилинган эди. Бироқ эндиликда унинг ўзи мазкур одам ўғирлаш жиноятини ташкил этганликда айбланмоқда.
«The Insider» маълумотларига кўра, у Ўзбекистонда сиртдан ҳибсга олинган ва унга нисбатан халқаро қидирув эълон қилинган. Бу ҳақда нашрга Олимовга яқин манба хабар берган.
Мазкур иш юзасидан расмий маълумотлар ҳозирча очиқланмаган. Нашр манбасига кўра, Олимов Франциядаги ўғирланиш ҳолатини ўзи саҳналаштирган бўлиши мумкин. Бундан кўзланган асосий мақсад эса — жиноят ташкилотчиси сифатида ўзининг собиқ иш берувчиси ҳамда иқтисодий низолардаги рақиби Ботир Раҳимовни кўрсатиш бўлган.
Олимов ва Раҳимов ўртасидаги келишмовчилик бизнес активлари устида келиб чиққан. «The Insider»нинг ёзишича, Раҳимов собиқ ходимидан 200 миллион доллардан ортиқ компенсация талаб қилиб, уни ўзига тегишли бизнес активларини ўзлаштириб юборганликда айблаган.
Интерполнинг қизил хабарномаси — шахсни халқаро миқёсда қидириш ва вақтинча ҳибсга олиш бўйича сўров ҳисобланади. Бунда давлат бошқа мамлакатлардан ушбу шахсни топиш ва вақтинча ҳибсга олишни сўрайди.
Интерпол саҳифасида Олимовнинг Ўзбекистон сўровига биноан қидирувга берилган-берилмагани ҳамда айнан қайси жиноят бўйича изланаётгани қайд этилмаган.
Боғчада омбор мудири тарбияланувчини зўрлади
Давлат боғчасида содир бўлгани айтилаётган воқеа бу ҳафта ижтимоий тармоқларда катта резонансга сабаб бўлди. Наманганда беш ёшли боғча тарбияланувчисига нисбатан жинсий зўравонлик содир этилди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига кўра, ҳолат 2026-йилнинг 18-сентябр куни юз берган. Шундан сўнг жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи эса процессуал тартибда ушланиб, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Қизчани зўрлаганликда гумон қилинаётган шахс 52 ёшда. У 2022-йилдан буён боғчада хўжалик ишлари мудири бўлган. Боланинг яқинлари зўравонлик бир неча марта содир этилганини айтган. Қизалоқ экспертиза ва гинекологик кўрикдан ўтказилганида, ҳолат тасдиқлангани айтилмоқда.
Боғча директори воқеа пайтида таътилда бўлгани ва ҳодиса ҳақида ички ишлар ходимларидан хабар топганини билдирган. Тарбиячи эса гуруҳда 25 бола бўлгани ва уларни мунтазам санаб, назорат қилиб борганини иддао қилган.
Болалар омбудсмани жабрланган боланинг қонуний манфаатлари таъминланишини кузатиб бораётганини айтиб чиқди.
Тергов давом этаётгани сабабли воқеанинг қолган тафсилотлари ҳозирча очиқланмаган.
Мирзиёева БМТда нутқ сўзлади
БМТ нафақат қарорлар қабул қиладиган, балки уларни амалга оширишга қодир ташкилот бўлиши керак. Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Нью-Йоркдаги БМТ бош қароргоҳида бўлиб ўтган юқори даражадаги тадбирда сўзга чиқиб, бугунги мураккаб халқаро вазият шароитида кучли ва ҳар бир давлатнинг овози эшитиладиган БМТга эҳтиёж борлигини айтди.
У ҳозир зиддиятлар кучайиб, давлатлар ўртасидаги ишонч пасайиб бораётган бир пайтда Ўзбекистон тинчлик, очиқлик ва ҳамкорлик йўлини танлаганини билдирди.
Мирзиёевага кўра, давлатнинг ҳақиқий кучи фақат ҳарбий ёки иқтисодий салоҳият билан эмас, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини қанчалик ҳимоя қила олиши билан ҳам белгиланади.
Администрация раҳбари Ўзбекистон 2035–2036-йиллар учун БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий бўлмаган аъзолигига ўз номзодини илгари сурганини ҳам маълум қилди.
Президент Андижонда
Шавкат Мирзиёев Андижонга бориб, вилоятда қилинган ишларни кўздан кечирди. У Андижонда шунча муаммо бўла туриб, Тошкентда тинч ўтира олмаслигини айтди. Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича йиғилишда вилоятдаги камбағал, ишсиз ва миграциядаги аҳоли сони ҳақида гапириб, «бу одамлар янги Ўзбекистондан розими? » деган саволни ўртага ташлади.
Шунингдек, келгуси йили вилоятда камида 10 фоиз иқтисодий ўсишни таъминлаш, 5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ва экспортни 1,5 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.
Айтилишича, саноат ва тадбиркорлик учун ажратилган минг гектар майдон ҳисобига 7 миллиард доллар инвестиция ва 70 мингта юқори даромадли иш ўрни яратилади. Аёллар бандлиги учун 20 миллион долларлик жамғарма ташкил этилади. Ишлаш истагида бўлган 3 минг аёлнинг меҳнат бозорига қайтиши учун фарзандларини боғчага жойлаштиришга ёрдам берилади. Кўп иш ўрни яратадиган корхоналар ходимларининг фарзандлари контрактини қоплаш ва йирик корхоналарда ишловчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги чоралар белгиланмоқда.
Қозоғистонда мотам
Қозоғистоннинг Манғистов вилоятида ҳарбий машғулотлар вақтида фожиа юз берди. 24-сентябр куни Каспий денгизи соҳилида жанговар тайёргарлик топшириғини бажараётган 19 ҳарбийни об-ҳавонинг кескин ёмонлашуви ва кучли шамол сабаб сув оқизиб кетган.
Дастлаб 9 ҳарбий ҳалок бўлгани, 3 киши қутқарилгани маълум қилинган. Кейинчалик қурбонлар сони 12 нафарга етгани билдирилди.
Ҳодиса юзасидан Қозоғистон Бош прокуратураси жиноят иши қўзғатиб, тергов бошлаган. Фожиа сабабларини аниқлаш учун ҳукумат комиссияси ҳам тузилган.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳарбийларнинг ўлими муносабати билан 25-сентябрни мамлакатда миллий мотам куни деб эълон қилди.
Шунингдек, Оқтов шаҳрида 25-сентябр куни ўтказилиши режалаштирилган “Шаҳар куни” доирасидаги барча байрам тадбирлари бекор қилинди.
Teglar




