Logo

1 млн доллар пора билан қамалган «Ўзагролизинг» собиқ раиси, Самарқандга келаётган АҚШ Давлат котиби ва «BlackRock» ёрдамида очиладиган молия маркази — 25 сентябр дайжести

Kecha 22:553 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

1 млн доллар пора билан қамалган «Ўзагролизинг» собиқ раиси, Самарқандга келаётган АҚШ Давлат котиби ва «BlackRock» ёрдамида очиладиган молия маркази — 25 сентябр дайжести

«BlackRock» 2027 йилда Тошкент халқаро молия марказини ишга туширишга кўмаклашади

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Ню-Йоркда «BlackRock» компанияси раҳбарияти билан учрашиб, 2027 йилда Тошкент халқаро молия маркази фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда АҚШ инвесторлари билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

Мулоқот давомида «BlackRock» ушбу марказнинг концепцияси ва тузилмасини ишлаб чиқишда кўмаклашаётгани таъкидланди. Шунингдек, АҚШ ишбилармон доиралари вакиллари иштирокидаги давра суҳбатида Ўзбекистон ва Марказий Осиёга сармоя жалб қилиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

ЕТТБ 2026 йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш прогнозини 7,5 фоизгача оширди

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ўзининг сентябр ойидаги ҳисоботида ички талабнинг барқарорлиги сабабли Ўзбекистон иқтисодиётининг 2026 йилги ўсиш прогнозини 7,5 фоизгача оширди. Жорий йилнинг биринчи ярмида мамлакат ЯИМи 8,5 фоизга ўсиб, Марказий Осиёда энг юқори кўрсаткични қайд этди.

Банк таҳлилчиларининг тахминига кўра, 2027 йилда иқтисодий ўсиш 6 фоизгача секинлашиши кутилмоқда ва Ўзбекистон иқтисодиёти учун асосий хавфлар сифатида Россия иқтисодиётининг секинлашиши ҳамда ёнилғи етказиб беришдаги узилишлар эҳтимоли қайд этилган.

Ўзбекистонда олтинсиз экспорт қарийб 30 фоизга ошди

Осиё тараққиёт банкининг (ADB) ҳисоботига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистоннинг товарлар умумий экспорти олтин сотувининг камайиши ҳисобига 8,8 фоизга қисқариб, 15,9 млрд долларни ташкил этган.

Бироқ худди шу даврда олтин ҳисобга олинмаган экспорт ҳажми 29,4 фоизга ўсиб, 6,5 млрд долларга, хизматлар экспорти эса 34,9 фоизга ошиб, 4,6 млрд долларга етган. Шу билан бирга, импорт ҳажми 21 фоизга (25,1 млрд долларгача) ошганлиги сабабли ташқи савдо тақчиллиги 3,2 млрд доллардан 9,3 млрд долларгача кенгайган.

«Ўзагролизинг» собиқ раҳбари яширин келишув ва 1 млн долларлик «улуш» ортидан қамалди

«Ўзагролизинг» АЖнинг собиқ бошқарув раиси Нодир Отажонов ва «Интер Агромаш» МЧЖ таъсисчиси Ҳайдар Абдушукуров Хитойдан эски пахта териш комбайнларини янги сифатида олиб келиб, фермерларга қиммат нархда пуллаш йўли билан содир этилган жиноий тилбириктирув учун жавобгарликка тортилди.

Ҳужжатларга кўра, собиқ раис Хитой компанияси билан 100 та қайта жиҳозланган (аслида 2019–2021 йилларда ишлаб чиқарилган) комбайнни 8 миллион долларга импорт қилиш шартномасини тузишга ёрдам бергани эвазига 1 миллион 180 минг доллар «улуш» олган. Шунингдек, ушбу техникалар божхонадан ёлғон маълумотлар асосида ўтказилиб, давлатнинг 7,5 миллиард сўмлик божхона тўловларини тўлашдан бўйин товланган.

Марко Рубио 100 дан ортиқ бизнес вакилларини Самарқандга бошлаб келмоқда

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио жорий йилнинг октябр ойи ўрталарида 100 дан ортиқ Америка компаниялари вакилларидан иборат йирик бизнес-делегацияга бошчилик қилган ҳолда Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрига ташриф буюради.

Мазкур сафар АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда икки томонлама дипломатик ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.

Teglar

Mavzuga oid

1 млн доллар пора билан қамалган «Ўзагролизинг» собиқ раиси, Самарқандга келаётган АҚШ Давлат котиби ва «BlackRock» ёрдамида очиладиган молия маркази — 25 сентябр дайжести | Vaqt.uz