Ҳафта дайжести — муҳим воқеалар шарҳи
Алишер Қодиров пойтахтдаги тарихий бинонинг маданий мерос объекти сифатида муҳофаза қилинишига эътироз билдирди. Президент ғўдайган бойваччаларни огоҳлантирди. Cентрум Аир парвозларининг кечикиши билан боғлиқ низолар яна резонанс оляпти.
Шавкат Мирзиёев Жанубий Кореяга борди
Ўзбекистон президенти 3 кунлик давлат ташрифи билан Жанубий Кореяга борди. «Жанубий Корея — Марказий Осиё» биринчи саммитида минтақа давлатлари муҳим минераллар, энергетика ресурслари ва глобал таъминот занжирларини диверсификация қилиш каби йўналишларда ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Уч кунлик ташрифнинг илк кунларида давлат раҳбари Корея Миллий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилиб, ватанпарварлар хотирасига эҳтиром кўрсатди.
Сеул шаҳрида олий даражадаги «Ўзбекистон - Корея» музокаралари бўлиб ўтди. Ўзбекистон ва Корея ўртасида қарийб 12 миллиард долларлик янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши айтилди.
Шунингдек, Сеулда меҳнат қилаётган ҳамда таҳсил олаётган ўзбекистонликлар — профессорлар, тадбиркорлар ва талабалар билан самимий, норасмий мулоқот ўтказилди. Учрашувда давлат бошқарувига сунъий интеллект ҳамда Кореянинг илғор рақамли технологияларини интеграция қилиш, маданият марказлари тармоғини кенгайтириш каби кўплаб инновацион таклифлар кўриб чиқилди.
Ташрифни ушбу мамлакатдан ёритган журналист иш жадвали жуда тиғиз экани, Сеул Тошкентдан тўрт соат олдинда бўлгани учун давлат раҳбарининг иш куни тонгги соат 4:00 да бошланганини айтди.
Унинг ёзишича, Ўзбекистон президентининг давлат ташрифини ёритиш учун борган журналистларга ҳам, бутун делегацияга ва ҳаттоки президентга ҳам вақт етмаган. Мирзиёев Сеулда бўлиб ўтган ватандошлар билан мулоқотда буни айтиб ўтди:
«Мен машинада кўп юраман, кўчада бир-бири билан мулоқот қилиб кетаётган ёшларни кўриб ўйлайман: қани энди улар энг бахтли кунлари шу эканини билсалар… Биласизларми, президент бўлиб мени нима қийнайди? Менга вақт етмайди!» — деди давлат бошлиғи.
Давлат раҳбари учрашувда баъзан томоғи қирилаётгани учун узр сўраб, «булар менга сув ҳам бермайди», деб ярми ҳазил, ярми чин айтди.
«Тўхтовсиз ишлаётганларига 9 соат бўлдими ёки муҳим тадбир бошланишига 9 соат қолдими? Учрашувда Кореяда тадқиқот қилаётган Елена Чуянова «тез-тез, шошилинч маданият»ни эслатади: Яъни, тараққиётдан орқада қолмаслик шарти — вақтни енгиш, нафақат «жисман», балки «маънан енгиш».
Кореяни ривожлантирган бу маданият президентимизнинг «шошилмасдан шошилиш»принсипига ўхшайди. Замондан орқада қолмайдиган Ўзбекистон қуриш орзуси бу», — ёзади журналист.
Ўзбекистон етакчиси ватандошлардан бир дақиқа ҳам вақтни бекорга ўтказмасликни, ватанга садоқат билан хизмат қилишни сўраган.
«5 йил ўтади, 10-15 йил ўтади. Ким бошқаради Ўзбекистонни? Сизлар. Тўғри, соғинч қийнайди. Ватан соғинчи аламида кўпроқ илм олинглар, ватанга садоқат билан хизмат қилинглар», — деган президент.
Мирзиёев 40 миллион аҳоли қараб турганини эслатиб, ўзини ҳам, бошқаларни ҳам ишламагунларича тинч қўймаслигини билдирган.
«Ўзимниям қийнайман, сизларниям, ишламагунларингча қўймайман, бизга 40 миллион халқ қараб турибди. Уларни рози қилишимиз керак», — дейди у.
Журналист Қурбонова эса 9 соатлик «нон-стоп»нинг сирини билмаслиги, лекин президентнинг мақсади аҳолини рози қилиш эканини айтди.
2030-йилга қадар Ўзбекистон электротехника саноати ҳажмини 11 миллиард долларга, экспортни эса 5 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.
Алишер Қодиров ва Маданий мерос агентлиги ўртасида баҳс
«Миллий тикланиш» партияси раиси Алишер Қодиров Тошкентдаги тарихий бинонинг маданий мерос объекти сифатида муҳофаза қилинишига эътироз билдирди. Бу бино 1935-йилда қурилган. Қодиров бинонинг миллий маданият учун аҳамиятини савол остига қўйиб, маданий меросни муҳофаза қилишда миллий қадриятларга устувор эътибор қаратиш кераклигини айтди.
Ўрнини тўлдириб бўлмайдиган маданий мерос обектлари эътибордан четда қолиб, бошқа тарихий обектларни асрашга кўпроқ эътибор қаратилаётганига эътироз билдирди.
Маданий мерос агентлиги эса бинонинг тарихий қийматини ҳимоя қилди. Агентлик маълумотига кўра, бино меъмор Алексей Шчусев билан боғлиқ бўлиб, турли йилларда академиклар Тошмуҳаммад Қори-Ниёзий, Василий Шишкин ҳамда бошқа олимлар яшаган.
Агентлик Қодировнинг «Бизга нима кераги бор?» мазмунидаги саволига жавоб берар экан, маданий мерос обектини бугун жамиятга «керак» ёки «керак эмаслиги» мезони билан баҳолаб бўлмаслигини билдирди.
Идоранинг позициясига кўра, маданий мероснинг қиймати унинг тарихий ва маданий аҳамияти, илмий экспертиза ҳамда қонунчилик асосида белгиланиши керак.
Агентлик, шунингдек, маданий меросни асраш масаласини миллий қарама-қаршилик мавзусига айлантириш мумкинлигидан хавотир билдирган.
Ҳозирда бино давлат муҳофазасида, 2018-йилги ҳоким қарорининг қонунийлиги бўйича ҳуқуқий жараён давом этяпти.
«Бирорта ғўдайган бойвачча пайдо бўлса, кечирмайман» — президент
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент туманларини ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида жиноятчиликни жиловлаш ва тадбиркорлар учун хавфсиз муҳит яратиш масаласига тўхталди.
Президент ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларига мурожаат қилиб, жиноятчилик назорат қилинмаса, тадбиркор ҳам, инвестор ҳам келмаслигини айтди.
Шунингдек, давлат раҳбари тадбиркорлик ва инвестициялар ривожи учун, аввало, жиноятчиликни жиловлаш зарурлигини қайд этди.
У бир тадбиркор Ўзбекистон харитасини билиш билан бирга, қайси ҳудудда жиноятчилик қай даражада жиловланганига ҳам эътибор бериши кераклигини билдирди.
Шунингдек, президент мамлакатдаги тинчликни қадрлаш, халқ тинч яшаши учун эса икки карра кўпроқ ишлаш кераклигини айтди.
Автобус ва метрода йўл ҳақи ошиши мумкин
Тошкентда 1-октябрдан жамоат транспорти йўлкираси оширилиши мумкин. Электрон тўловда автобус ва метро нархи 1 700 сўмдан 2 500 сўмга кўтарилиши таклиф қилинмоқда. Бу 47 фоизга ошиш дегани.
Мутасаддилар бунга сабаб сифатида транспорт харажатлари, ёқилғи, иш ҳақи ва эҳтиёт қисмлар нархининг ошганини кўрсатмоқда. Маълумотга кўра, бир йўловчини автобусда ташиш таннархи 5 500 сўмдан ошган, харажатларнинг 70–75 фоизи бюджет ҳисобидан қопланмоқда.
Тариф оширилса, қўшимча маблағлар ҳисобидан 2027-йилнинг биринчи чорагигача Тошкентга 400 га яқин электробус олиб келиш ва йўналишлардаги кутиш вақтини 2–3 дақиқага қисқартириш режалаштирилган.
Vaqt.uz юзлашган аҳоли фикри эса икки хил: айримлар ёнилғи ва иш ҳақи ошгани, янги автобуслар олиб келиниши ва хизмат сифати яхшиланишини ҳисобга олиб, нарх ошишини тушуниш мумкинлигини айтса, кўп фарзандли оилалар ва талабалар 47 фоизлик ошишни қиммат деб ҳисоблаб, нархни босқичма-босқич 10–20 фоиздан оширишни таклиф қилмоқда.
Cентрум Аир йўловчилари яна аэропортда қолиб кетди
Cентрум Аир парвозларининг кечикиши билан боғлиқ низолар яна резонанс оляпти. Компания фуқароларнинг галдаги танқидига рўбаро бўлди.
Cентрум Аирнинг Истанбул–Тошкент йўналишидаги рейси 3 соат 20 дақиқага кечикди. Парвоз вақти эса йўловчиларга бир неча бор ўзгартириб эълон қилинган.
Тармоқларда тарқалган видеода йўловчилардан бири фарзанди узоқ давом этган операциядан чиққани ва ҳозирча ўтириши мумкин эмаслигини айтиб, вазиятдан норозилигини билдирган.
Унинг сўзларига кўра, аввал парвоз 11:00 га, охир-оқибат 13:30 га кўчирилган. Бола аэропортда ётган ҳолатда кутишга мажбур бўлган.
Йўловчи фарзандининг шифокоридан маълумотнома олиб келганини ҳам айтиб, «Қани самолётларингиз? Парвоз нега қайта-қайта кечиктирилмоқда?» дея мурожаат қилган.
Ҳозир ҳолат Рақобат қўмитаси томонидан назоратга олинган. Маълумотларга кўра, қўмитага Cентрум Аир ва бошқа авиакомпаниялар хизматларидан норозилик бўйича 270 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Қонунбузарлик аниқланса, тегишли чоралар кўрилиши айтилган. Cентрум Аир эса мазкур ҳолат юзасидан ҳозирча батафсил расмий муносабат билдирганича йўқ.
«Автотеррорчи» ушланди
Қарши шаҳрида Дамас автомашинасини ҳайдовчилик гувоҳномасисиз бошқарган ва кўп қаватли уйлар оралаб юқори тезликда ҳаракатланиб, вояга етмаганлар ҳаётини хавф остига қўйган ҳайдовчи ушланди.
Ҳайдовчи кўп қаватли уйлар орасида юқори тезликда ҳаракатланиб, тўхташ ишораларига бўйсунмаган. Шу пайтда кўчада ўйнаётган болалар машина йўлидан қочишга мажбур бўлган.
21 ёшли «шоввоз»нинг ҳатто ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам бўлмагани аниқланган. У акасининг автомашинасини рухсатсиз олиб кетганини билдирган.
«Акамдан берухсат Дамас автомашинасини миниб кетдим. Маҳаллада қўпол равишда тез ҳайдадим. Ёш бола чиқиб қолган экан, кўрмай қолдим. Ёш болалар борлигини ўйламаган эканман. Ўша болаларнинг ота-онасидан минг бор узр сўрайман. Қилган ишимдан пушаймонман. Ўша вақтда стресс ҳолатда эдим. Ҳайдовчилик гувоҳномасини олмагунимча бошқа умуман машина ҳайдамайман», деган ҳайдовчи.
Ҳозир унга 4 та маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича баённома расмийлаштирилган бўлиб, йўл ҳаракати қоидаларини бузиш, авария ҳолатини юзага келтириш, йўл безорилиги ва гувоҳномасиз автомобиль бошқариш айбловлари қўйилган.
Teglar






