Logo

Ҳиндистонга Ўзбекистон урани керак: янги битим имзоланиши кутилмоқда

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ядровий ёқилғи хомашёсини етказиб бериш бўйича янги узоқ муддатли битимни имзолашга жуда яқин турибди.

Ҳиндистонга Ўзбекистон урани керак: янги битим имзоланиши кутилмоқда © president.uz

Ўзбекистон ва Ҳиндистон уран етказиб бериш бўйича янги узоқ муддатли битимни имзолашга жуда яқин турибди. Бу ҳақда Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигининг Ғарб йўналиши бўйича котиби Сиби Жорж маълум қилди.

«Ҳиндистонга уран етказиб бериш бўйича узоқ муддатли келишув юзасидан ижобий музокаралар бўлиб ўтди. Биз яқин орада битимни имзолашга жуда яқинмиз», — деди у бош вазир Нарендра Модининг Тошкентда президент Шавкат Мирзиёев билан ўтказган музокараларидан сўнг.

Нарендра Моди ҳам Ўзбекистондан уран етказиб бериш бўйича амалдаги узоқ муддатли келишув ижросидаги силжишни ижобий баҳолади. Томонлар геология, тоғ-кон саноати, атом энергетикаси, шунингдек, муҳим ва стратегик минераллар соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди.

Уранга талаб ошмоқда

Ҳиндистоннинг амалдаги атом энергетикаси қуввати қарийб 7,9 ГВтни ташкил этади. Мамлакатда 24 та атом энергоблоки ишламоқда. Ҳукумат 2047 йилга бориб ядровий энергетика қувватини 100 ГВтга етказишни режалаштирган. Шу сабабли ташқи уран таъминоти мамлакатнинг энергетика режаларида муҳим ўрин тутмоқда.

Ҳозир Ҳиндистон уранни Қозоғистон, Россия, Ўзбекистон ва Канададан сотиб олади. Ўзбекистон билан тузилган амалдаги узоқ муддатли шартнома 2026 йилгача мўлжалланган. Шу боис янги битим Ҳиндистоннинг ядровий ёқилғи таъминотини кафолатлаш нуқтайи назаридан муҳим аҳамият касб этади.

Teglar

Mavzuga oid