Икки тиғли пичоқ: медиа суицид ҳақида гапириши керакми?
Тошкент шаҳрида юз берган воқеа – ёшгина аёл ўзи ва икки мурғак фарзандининг жонига қасд қилгани ҳақидаги хабар ўзбек медиа сегментида шов-шувга айланди. Таассуфки, худкушлик ҳақидаги шумхабарлар янгилик тасмаларида тез-тез кўзга ташланиб, жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлмоқда.

Ўз-ўзидан савол туғилади: суициддек нозик мавзу медиада ёритилиши, муҳокама қилиниши керакми?
Гётенинг «қотил» қаҳрамони
1974 йилда социолог Девид Филиппс «Вертер эффекти» номли психологик атамани истеъмолга киритди. Бу суицид ҳолатларининг медиада кенг ёритилиши аҳоли орасида тақлидга — ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг кўпайишига сабаб бўлишини назарда тутади. Суицид мавзусининг оммавий ахборот воситаларида «қонунийлаштирилиши»ни депрессиядаги хавф гуруҳи ўз шахсий муаммоларига ечим сифатида кўриши мумкин.
Ҳолатнинг бундай номланиши XVII асрга, Гётенинг «Ёш Вертернинг изтироблари» романига бориб тақалади. Вертер исмли бош қаҳрамон бошқага унаштирилган қизни яхши кўриб қолади, севгисига ҳеч қачон ета олмаслигини англагач, аламдан ўз ҳаётига нуқта қўяди. Романнинг оммалашуви Европа бўйлаб суицид ҳолатларининг кўпайишига сабаб бўлди, аҳамиятлиси, ўз жонига қасд қилганларнинг кўпчилиги айнан роман қаҳрамонидек кийинган, қўлида китоб нусхасини тутган ёки романда тасвирланган ўлим усулини танлаган бўлиб чиқарди. Оқибатда айрим Европа мамлакатларида бу асар қора рўйхатга киритилди.
Ушбу ҳолат ҳозир ҳам долзарблигини йўқотмаган, нозик мавзу медиада нотўғри ёритилса, акс таъсирга олиб келиши мумкин.
Вертер эффекти қуйидаги ҳолатларда кучаяди:
- омма эътиборини жалб қилиш мақсадида суицид ҳақидаги хабар асосий тасмада берилса;
- шов-шув қўзғатувчи сарлавҳалар қўлланилса;
- суицидни амалга оширган шахсга оид тафсилотлар, масалан, тўлиқ исм-шарифи, сурати ва/ёки видолашув мактуби келтирилса;
- суицидни амалга оширишда қўлланилган усул очиқланса, масалан, «ўзини осиб ўлдирди», «сирка ичиб қўйди», «деразадан сакради»;
- жараён батафсил тасвирланса, воқеага оид видео ёки фотолар илова қилинса;
- суицидни амалга оширган шахс ва унинг ҳаракатига қаҳрамонлик туси берилса, у «ўзига хос ўлимни танлади» каби жумлалар қўлланилса;
- ҳолатга романтик тус берилса;
- суицидни амалга оширган шахснинг яқинларидан улар ҳали шок ҳолатида бўлган вақтда интервю олинса.
- муайян шахслар суицид инқирозларини енгиб ўтгани ҳақидаги ҳикоялар баён қилинса;
- суицид ҳолатлари ачиниш оҳанги билан ёритилса;
- мураккаб вазиятлар учун муқобил ечимлар келтирилса, ўхшаш ҳолатни бошдан кечирганлар билан интервюлар;
- хавф гуруҳини яқинларига, профессионал ёрдамга мурожаат қилишга ундовчи жумлалар қўлланилса;
- махсус ёрдам хизматлари мавжудлиги ва улар билан қандай боғланиш ҳақида маълумот келтирилса;
- суицидга мойиллик белгилари тасвирланса.





