Logo

Жаҳон банки Ўзбекистонга 150 млн доллар ажратди

Ушбу маблағлар мамлакатда қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш учун йўналтирилади.

Жаҳон банки Ўзбекистонга 150 млн доллар ажратди

Жаҳон банки Ўзбекистонда қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш дастурининг иккинчи босқичини молиялаштириш учун 150 млн доллар ажратилишини маъқуллади.

Маблағлар Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги 296 та олис қишлоқ маҳалласини қамраб оладиган лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади.

Дастурнинг биринчи босқичи 2019–2026 йилларда 306 та маҳаллада амалга оширилиб, маҳаллий аҳоли танлови асосида 900 дан ортиқ инфратузилма лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилди.

Йўллар, кўприклар, ичимлик суви ва электр тармоқлари, мактаб ва боғчаларни қуриш ҳамда таъмирлаш ишларидан қарийб 1 млн нафар аҳоли фойдаланди.

Иккинчи босқичнинг умумий бюджети 340 млн долларни ташкил этиб, у Жаҳон банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ва Ўзбекистон ҳукумати маблағлари ҳисобидан шакллантирилади.

Лойиҳа доирасида 2031 йилгача йўллар, сув ва электр таъминоти тизимлари ҳамда бошқа жамоат хизматлари яхшиланиши натижасида 1,2 млн нафарга яқин аҳоли манфаатдор бўлиши кутилмоқда.

Шунингдек, 15 та пилот маҳаллада бизнесни ривожлантириш марказлари ташкил этилади. Улар маҳаллий тадбиркорларга молиявий хизматлар, янги билим ва бозор имкониятларидан фойдаланишда кўмаклашади. Бу ташаббуслар камида 1500 та тўғридан-тўғри иш ўрни яратиши режалаштирилган.

Жаҳон банкининг бошқа қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорлик дастурлари билан биргаликда мазкур ҳудудларда қўшимча 25 мингга яқин янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон банки Ўзбекистонга йўл учун 200 млн доллар ажратган эди.

Teglar

Mavzuga oid

Жаҳон банки Ўзбекистонга 150 млн доллар ажратди | Vaqt.uz