Logo

«Жазосиз геноцид»: Исроил Ливан жанубидаги ўт очишни тўхтатиш келишувига амал қилмаяпти

Июн ойида АҚШ воситачилигида сулҳ узайтирилганига қарамай, Исроил ҳужумлари оқибатида бир куннинг ўзида камида 11 киши ҳалок бўлди.

«Жазосиз геноцид»: Исроил Ливан жанубидаги ўт очишни тўхтатиш келишувига амал қилмаяпти

Ливан раҳбарияти мамлакат жануби Исроил томонидан бомбардимон қилинаётганини кескин қоралади. Июн ойида АҚШ воситачилигида ўт очишни тўхтатиш тартиби янгиланганидан буён энг оғир деб баҳоланаётган бу ҳужумлар оқибатида камида 11 киши қурбон бўлди.

Ливан ва Исроил АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти воситачилигида иккита сулҳ битимига — 4 ва 26 июн келишувларига розилик билдирган эди. 4 июндаги ўт очишни тўхтатиш келишуви «Ҳизбуллоҳ» томонидан ҳарбий ҳаракатларни «тўлиқ тўхтатиш» ва унинг жангчиларини ҳудуддан олиб чиқиб кетиш шартига боғланган эди. 26 июндаги доиравий битимда эса Исроил кучларини олиб чиқиб кетиш бўйича аниқ талаб қўйилмаган, балки бу «Ҳизбуллоҳ»нинг қуролсизлантирилишига эътибор қаратилганди.

Мазкур келишувлар апрел ойида эълон қилинган яна бир сулҳ барбод бўлганидан сўнг имзоланган эди. «Ҳизбуллоҳ» қарши чиққан ҳар иккала ўт очишни тўхтатиш келишуви ҳам Исроил армиясининг Ливан ҳудудидаги назоратини кенгайтиришига ва қонли ҳужумлар уюштиришига тўсқинлик қила олмади.

Вазиятнинг бундай кескинлашуви Ливан ҳукумати келаси ойда Исроил билан музокараларнинг навбатдаги босқичини ўтказишни режалаштираётган бир пайтда юз бермоқда.

Хўш, Исроилнинг сўнгги эскалацияси ортида нима турибди ва музокаралар ҳозир қайси босқичда?

Нималар юз берди?

Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, шанба куни Исроил томонидан мамлакат жанубидаги Набатия туманига берилган ҳаво зарбалари оқибатида камида 11 киши, жумладан, бир неча бола ҳалок бўлган.

Ливан Миллий ахборот агентлиги (NNA) хабарига кўра, Исроил ҳарбий самолётлари Ансор қишлоғи чеккасидаги уйни нишонга олган. Бинонинг вайрон бўлиши оқибатида етти киши ҳалок бўлиб, уч киши яраланган. Яна тўрт киши эса Дайр ал-Заҳраний қишлоғига берилган зарба қурбонига айланган.

«Ал-Жазира» мухбирининг айтишича, Исроил ҳужуми ярим тундан кейин амалга оширилган ва бир оиланинг ёстиғини қуритган. Бу воқеа ҳудуд аҳолиси орасидаги қўрқувни янада кучайтирган.

«Одамлар бу ерни хавфсиз ҳудуд деб ҳисоблар эди, аммо энди бу жойга ҳам ҳаводан зарба берилди. Айни пайтда вазият кескинлашгани ва Ливан жанубига Исроил ҳужумлари сезиларли даражада ортаётгани кузатилмоқда. Кўплаб вайронагарчиликларга гувоҳ бўляпмиз. Улар жанубдаги шаҳар ва қишлоқларни ер билан яксон қилмоқда», — деди у.

Унинг қўшимча қилишича: «Айниқса, Исроил билан чегарадош айрим қишлоқлар, жумладан, қабристонлар ва тарихий обидалар бутунлай йўқ қилинган».

Исроил армияси Набатия туманидаги ЮНЕСКО рўйхатига киритилган Бофор қалъаси яқинида жойлашган Али ат-Тоҳир тепалигига ҳаводан зарба берган.

Июн ойидаги сулҳдан сўнг кузатилган нисбий сукунат ўрнини сўнгги кунлар ва ҳафталарда Исроил армиясининг мазкур ҳудуддаги фаол ҳаракатлари эгаллади. Исроил бу ҳудуд стратегик аҳамиятга эга эканини ҳамда зарбалар «Ҳизбуллоҳ» инфратузилмасига қаратилганини таъкидламоқда.

NNA маълумотларига кўра, Ливан жанубидаги Бинт Жбайл ва Тайбеҳ шаҳарларида ҳам портлашлар содир бўлган.

Шунингдек, Исроил дронлари ал-Мансурий шаҳарчаси атрофини ҳам нишонга олган. Сарбин, Барашит, ал-Мансурий ва Водий Зибқин шаҳарчалари артиллериядан ўққа тутилгани айтилмоқда.

Исроил нима демоқда?

Исроил ҳарбийларининг таъкидлашича, бу ҳужумлар «Ҳизбуллоҳ»нинг Али ат-Тоҳир тепаликларида Исроил аскарларига қарши уюштирган ҳаракатига жавобан амалга оширилган.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу идораси Х ижтимоий тармоғидаги баёнотида Исроил ҳарбийлари Ҳизбуллоҳ қароргоҳига зарба берилганини маълум қилди. Баёнотда, шунингдек, Исроил ҳарбийлари «Ҳизбуллоҳнинг атайлаб тинч аҳолини ушбу ҳарбий мажмуага жойлаштирганини фақат кейинроқ билгани» қўшимча қилинган.

Исроил Ливан ва Ғазодаги қирғинбарот урушлари давомида тинч аҳолини бир неча бор нишонга олган. Бироқ у кўпинча қуролли гуруҳлар фуқаролик ҳудудларидан туриб ҳаракат қилаётганини баҳона қилади. Аксарият ҳолларда бу даъволар ёлғон экани ўз тасдиғини топган.

Шунингдек, Исроил армияси Ливан жанубига берилган зарбалар оқибатида «Ҳизбуллоҳ»нинг «Бадр» бўлинмаси юқори мартабали қўмондони Абу Ҳассан Ало ва яна бир қўмондон Али Самир ал-Ҳаж Ҳассан ўлдирилганини эълон қилди. «Ҳизбуллоҳ» ҳозирча Исроилнинг бу даъволарига изоҳ бергани йўқ.

АҚШнинг Ню-Йорк штатидаги Бард коллежининг Яқин Шарқ масалалари бўйича доценти Зияд Абу Риш «Ал-Жазира» телеканалига берган интервюсида вазиятни шундай изоҳлади: аксарият кузатувчиларнинг фикрича, Нетаняҳу бу зарбалар орқали Ливан жанубини босиб олишда ўзининг «қатъий иродасини намойиш этиш»ни ҳамда «Ҳизбуллоҳ» ва Ливан тинч аҳолисини «янчиб ташлаш»ни мақсад қилган.

Унинг сўзларига кўра, шанба кунги ҳужумлар — «АҚШ томонидан Исроилга Ҳизбуллоҳ ва Ливаннинг тинч аҳолисига ҳеч қандай жазосиз ҳужум қилишга рухсат берилгани» ҳамда «ўт очишни тўхтатиш деб аталмиш келишувдан буён давом этаётган тенденциянинг» мантиқий давомидир.

Шунингдек, у 2 мартдан буён Исроил кучлари Ливанда 4300 дан ортиқ кишини ўлдиргани ва 12 мингдан зиёд одамни яралаганини таъкидлади. Қарийб 90 мингта уй шикастланган ёки вайрон қилинган, 600 мингга яқин инсон эса ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган.

2 март — Исроилнинг Ливанга қарши урушида навбатдаги эскалация бошланган кун ҳисобланади. Бу ҳолат Эрон Олий раҳнамоси Али Хоманаийнинг ўлимига сабаб бўлган АҚШ ва Исроил ҳаво зарбаларига қасос сифатида «Ҳизбуллоҳ» Исроил томон ракеталар учирганидан сўнг юз берганди.

Профессорнинг қўшимча қилишича, Исроилнинг Ливандаги хатти-ҳаракатларини Ғазода содир бўлаётган воқеалар доирасида ҳам баҳолаш лозим. Октябрдаги «сулҳ»дан бери Исроил Ғазода 1200 дан ортиқ кишини ўлдирди.

«Биз Исроил Ғазодаги геноцидни ҳеч қандай оқибатларсиз давом эттира олганига гувоҳ бўлдик. Шунинг учун ҳам, кўплаб журналистлар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан ҳужжатлаштирилганидек, Исроил Ливан жанубини аҳолидан холи ва яшаш учун яроқсиз ҳудудга айлантириш кампаниясини амалда бажара олаётгани одамларни ажаблантирмаслиги керак», — деди у.

Ливан нима демоқда?

Ливан президенти Жозеф Аун Исроилнинг мамлакат жанубига, хусусан, Набатия ва унинг атрофидаги ҳудудларга уюштираётган узлуксиз ҳужумларини кескин танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, Исроил томони АҚШ воситачилигида эришилган ўт очишни тўхтатиш келишувини мунтазам равишда бузиб келмоқда.

Президент бу ҳужумларни «музокаралар жараёни» ҳамда АҚШнинг келишувни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларига йўлланган «очиқ сигнал» деб баҳолади. Шунингдек, у Исроилни тинч аҳолини ҳимоя қилишга қаратилган халқаро қонунларни муттасил бузаётганликда айблади.

Бош вазир Наваф Салом ҳам Ливан жанубидаги давомли ҳужумларни қоралаб, вазиятни «ўта жиддий» деб атади. Унинг таъкидлашича, Исроил мазкур ҳудуддаги эскалацияни зудлик билан тўхтатиши шарт.

Парламент спикери Набиҳ Берри эса Исроилнинг хатти-ҳаракатларини «қирғин» деб атаб, буни Ливан жанубида олиб борилаётган «йўқ қилиш уруши»нинг давоми сифатида баҳолади.

Шанба куни «Ҳизбуллоҳ» томонидан эълон қилинган баёнотда таъкидланишича, бу эскалация Нетаняҳунинг «ички сиёсий мавқеини мустаҳкамлаш, сайловолди мақсадларига эришиш ва ўта ўнгчи кучларни тинчлантириш йўлида урушни кучайтириш» ниятини акс эттиради. Маълумот ўрнида, Исроилда умумий сайловлар 27 октябрга белгиланган.

Шунингдек, «Ҳизбуллоҳ» Ливан ҳукуматини ҳам танқид остига олиб, уларни тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш ўрнига, Исроил ҳужумларини тўхтатишнинг муқобил йўлларини излашга чақирди.

Ливан ва Исроил ўртасидаги музокаралар қайси босқичда?

Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» жорий йилнинг 2 мартидан буён очиқ уруш ҳолатида. Унгача «Ҳизбуллоҳ» Исроилнинг деярли ҳар кунги қоидабузарликларига қарамай, аввалги ўт очишни тўхтатиш келишуви шартларига амал қилиб келаётган эди. Бу сулҳ 2023 йил октябрда бошланган Ғазодаги воқеалар ортидан келиб чиққан можарога барҳам бериш мақсадида тузилган эди.

АҚШ воситачилигида тузилган битим доирасида Исроил Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи қуролсизлантирилганидан ва Ливан армияси Исроил билан чегара яқинида хавфсизликни таъминлаш учун жойлаштирилганидан сўнг, ўзи эгаллаб турган Ливан жанубидаги ҳудудлардан чиқиб кетишга рози бўлган эди. Бироқ бу ҳали амалга ошгани йўқ ва шундан буён Ливан ҳамда Исроил ўртасида музокаралар давом этмоқда.

Музокараларнинг навбатдаги раунди август ойининг бошларида бўлиб ўтгани айтилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid