Logo

Жиззахдаги тунги клубларнинг 500 га яқин реклама ролиги қонунга зид деб топилди

Kecha 16:402 daqiqa

Реклама материалларида миллий ва оилавий қадриятлар ҳамда умумэътироф этилган ахлоқ меъёрларига зид тасвирлардан фойдаланилган. Қоидабузарликлар аниқлангач, икки тунги клубнинг Instagram саҳифаларидаги видеолар олиб ташланди.

Жиззахдаги тунги клубларнинг 500 га яқин реклама ролиги қонунга зид деб топилди © IZVESTIYA

Рақобат қўмитасининг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси сентябр–октябр ойларида Жиззах шаҳридаги тунги клубларнинг ижтимоий тармоқлардаги реклама фаолиятини ўрганди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.

Хусусан, «Jizzax Leader Food» МЧЖ ҳамда «Aziz bogʻishamol klub» МЧЖга қарашли тунги клубларнинг Instagram саҳифаларидаги реклама материаллари текширилди. Натижада 500 га яқин видеороликда миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек, ахлоқ ва маънавиятнинг умумэътироф этилган меъёрларига зид тасвирлардан фойдаланилгани аниқланди.

Реклама материалларига ҳуқуқий баҳо бериш учун Республика Маънавият ва маърифат марказининг Жиззах вилояти бўлимига мурожаат қилинган. Марказ тақдим этган хулосага кўра, ушбу видеороликлар «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддаси талабларига зид деб топилди.

Унга кўра, рекламаларда миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек, ахлоқ ва маънавиятнинг умумэътироф этилган меъёрларига зид шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланиш тақиқланади.

Реклама материаллари олиб ташланди

Ўрганишларда ҳар икки тунги клубнинг Instagram саҳифаларидан қонунчилик талабларига зид реклама материаллари олиб ташланди. Рақобат қўмитаси маълумотига кўра, ушбу саҳифаларнинг жами 120 мингдан ортиқ обуначиси номақбул реклама материаллари таъсиридан ҳимояланган.

Қўмита реклама берувчилар, тайёрловчилар ва тарқатувчиларни, жумладан, ижтимоий тармоқларда реклама жойлаштираётган тадбиркорларни қонунчилик талабларига риоя қилишга чақирди. Реклама материалларида миллий ва оилавий қадриятлар, шунингдек, жамиятда қабул қилинган ахлоқ ва маънавият меъёрларига зид тасвир, ибора ва образлардан фойдаланмаслик зарурлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рақобат қўмитаси ижтимоий тармоқларда реклама қонунчилигига зид материаллар тарқатган 12 блогерга нисбатан маъмурий жавобгарлик чораларини қўллаганди. Шунингдек, қўмита таниқли қўшиқчилар, актёрлар ва спортчиларнинг реклама фаолиятини ҳам мунтазам назорат қилишини билдирган.

Teglar

Mavzuga oid