Кичик бизнес Ўзбекистон иқтисодиётининг деярли ярмини ташкил этмоқда

Bugun 14:302 daqiqa

Кичик тадбиркорлик субъектлари мамлакат экспорт ва импорт жараёнларида ҳал қилувчи ўринни эгалламоқда.

Кичик бизнес Ўзбекистон иқтисодиётининг деярли ярмини ташкил этмоқда © Vaqt.uz

2026-йилнинг 1-апрел ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 1,2 млн кичик тадбиркорлик субъектлари фаолият юритмоқда. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитасининг ҳисоботида сўз боради.

Ўзбекистондаги кичик тадбиркорлик субъектларининг 507 мингтаси кичик корхона ва микрофирмалар, 347,7 мингтаси якка тартибдаги тадбиркорлар, 353,5 мингтаси деҳқон хўжаликлари, 22,7 мингтаси ҳунармандлар ва 900 дан ортиғи импорт товарлари сотувчиларидир.

1

Ҳудудлар кесимида кичик тадбиркорлик субъектлари сони (ҳар минг аҳолига нисбатан) энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрида 47,7 бирлик, Хоразм вилоятида 45,3 бирлик, Сирдарё вилоятида 39,7 бирлик ва Навоий вилоятида 37,7 бирликни ташкил этади.

Жорий йилнинг дастлабки уч ойи давомида мамлакатда 22,2 мингта янги кичик корхона ва микрофирмалар (фермер ва деҳқон хўжаликларисиз) ташкил қилинган бўлиб, уларнинг 8,1 мингтаси савдо соҳасида, 2,9 мингтаси ўрмон ва балиқчилик хўжалигида, 2,6 мингтаси саноатда ва 1,9 мингтаси яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларда фаолият кўрсатмоқда.

Кичик тадбиркорлик субъектларининг ЯИМдаги ўрни

2026 йилнинг январ-мартида ялпи ички маҳсулот таркибида кичик тадбиркорлик субъектларининг ҳажми 194 762 млрд сўмни ташкил қилди ёки умумий ЯИМ ҳажмидаги улуши 45,6 % ни ташкил этди.

2

Кичик тадбиркорлик субъектларининг ЯИМдаги иқтисодий фаолият турлари бўйича энг юқори улуши қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида 94,6 фоиз, қурилишда 77 фоиз, хизматлар соҳасида 47,1 фоиз ва саноатда 21,8 фоизни ташкил қилди. Январ-март ойларида кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан 79 658,9 млрд сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди ёки саноат ишлаб чиқариши умумий ҳажмидаги улуши 27,5 фоизни ташкил этди. Ўсиш суръати 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 118,2 фоизни ташкил қилди.

Экспорт-импорт

Кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилган маҳсулот (товар, иш ва хизмат)лар экспорти ҳажми 2 878,8 миллион АҚШ долларини ёки умумий экспорт ҳажмининг 49,6 фоизини ташкил этган бўлса, импорт ҳажми 6 615,1 миллион АҚШ долларини ёки жами импортнинг 54,2 % ини ташкил этди.

Teglar

Mavzuga oid