Logo

Кичик бизнесни текширишга 3 йиллик мораторий ва «Иккинчи имкон» иқтисодий амнистияси эълон қилинди

Kecha 22:502 daqiqa

Президент фармони билан кичик бизнесни текширишга 3 йиллик мораторий жорий этилди. Шунингдек, солиқ жарималарини кечиб юбориш ва тадбиркорнинг ҳақлилик презумпцияси қоидалари белгиланди.

Кичик бизнесни текширишга 3 йиллик мораторий ва «Иккинчи имкон» иқтисодий амнистияси эълон қилинди © sun'iy intelekt

Ўзбекистонда кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳар қандай текширишга уч йил муддатга мораторий жорий этилди. Шу билан бирга, бизнес вакиллари учун солиқ ва маъмурий жарималарни кечиришни назарда тутувчи «Иккинчи имкон» иқтисодий амнистияси эълон қилинди. Бу ҳақда Президентнинг тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги фармонида маълум қилинди.

Уч йиллик мораторий ва истиснолар

Фармонга асосан, мораторий даврида кичик бизнес субъектлари фаолиятини текшириш ноқонуний ҳисобланади ва бунга йўл қўйган мансабдор шахслар жавобгарликка тортилади. Бироқ, қонунчиликда айрим истисно ҳолатлар белгиланган бўлиб, қуйидаги текширувлар мораторийдан мустасно ҳисобланади:

• Жиноят иши доирасидаги текширувлар;
• Инсон соғлиғига таъсирини ўрганиш ва меҳнат қонунчилигига риоя этилиши юзасидан ўрганишлар;
• Фуқаролар мурожаатлари асосидаги текширувлар;
• Қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) қоплаш ёки қайтариш ҳамда тадбиркорлик субъекти тугатилиши муносабати билан ўтказиладиган текширувлар.

«Иккинчи имкон» иқтисодий амнистияси

Ҳужжат билан 2026 йил 31 декабрга қадар кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари учун «Иккинчи имкон» иқтисодий амнистияси жорий қилинмоқда. Амнистия доирасида қуйидаги енгилликлар тақдим этилади:

Иқтисодий амнистия эълон қилингунга қадар юзага келган солиқ қарзи 2026 йил 31 декабрга қадар тўлиқ тўланганда, унга ҳисобланган пеня ҳисобдан чиқарилади ва тегишли ижро ишлари тугатилади.
Тадбиркорлар аввал тақдим этилган солиқ ҳисоботларига мустақил тузатиш киритиб, қўшимча ҳисобланган солиқни кўрсатилган муддатгача тўласа, пеня ҳисобланмайди.

2026 йил 1 январга қадар шаклланган солиқ ҳисоботини кечиктирганлик учун маъмурий жарималар ҳамда қатъий белгиланган айланма солиқ тўловчиларига қўлланган молиявий жарималарнинг тўланмаган қисми тўлиқ кечиб юборилади.

Тадбиркорнинг ҳақлилик презумпцияси

Яна бир муҳим ҳуқуқий янгилик — давлат органи ва тадбиркорлик субъекти ўртасидаги оммавий ҳуқуқий муносабатларда «тадбиркорлик субъектининг ҳақлилик презумпцияси» амалиётга киритилди.

«Давлат органи томонидан акси исботланмагунча тадбиркорлик субъекти (унинг мансабдор шахси) қонунчиликка мувофиқ ҳаракат қилган ва ўз мажбуриятларини лозим даражада бажарган ҳисобланади», — дейилади ҳужжатда.

Шунингдек, низоларни ҳал қилишда қонунчиликдаги барча ноаниқликлар, бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва шубҳалар сўзсиз тадбиркор фойдасига талқин қилиниши қатъий белгиланди.

Teglar

Mavzuga oid