Logo

Корея тараққиёт банки Ўзбекистондаги филиалини сотишни кўриб чиқмоқда

Bugun 15:052 daqiqa

Банк хориждаги 25 та филиали фаолиятини қайта кўриб чиқмоқда. Айрим давлатларда банк фаолиятини қисқартириши, ўсиш салоҳияти юқори ҳудудларда эса кенгайтириши мумкин.

Корея тараққиёт банки Ўзбекистондаги филиалини сотишни кўриб чиқмоқда © KDB Bank Uzbekistan

Корея тараққиёт банки (КДБ) Ўзбекистондаги «KDB Uzbekistan» банкини сотишни режалаштирмоқда. Ҳозирча банк бу борада якуний қарорга келмаган, дея хабар бермоқда Жанубий Кореянинг «Maeil Business» нашри.

Қайд этилишича, KDB хориждаги 25 та филиал ва ваколатхоналарининг самарадорлигини баҳоламоқда. Банк айрим бозорларда фаолиятини қисқартириш, ўсиш имконияти юқори бўлган ҳудудларда эса иштирокини кенгайтиришни режалаштирмоқда.

Шунингдек, янги филиаллар очиш, айрим офисларни бирлаштириш ва баъзи активларни сотиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилмоқда.

«Кореянинг маҳаллий банклари фаол равишда кириб бораётган бозорларда KDB ўзига тегишли активларни сотиш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда. Ўзбекистон шундай бозорлардан бири сифатида тилга олинган», — дейилади хабарда.

Айни пайтда «Shinhan Bank» Ўзбекистонда маҳаллий шўба компаниясини ташкил этишга тайёргарлик кўрмоқда. «Hana Bank» эса мамлакатда ваколатхона очиш жараёнини бошлаган. Шунингдек, Жанубий Кореянинг давлатга тегишли Экспорт-импорт банки ҳам Ўзбекистонда ўз ваколатхонасига эга.

Нашр маълумотларига кўра, «KDB Uzbekistan» сотилган тақдирда ҳам унинг эҳтимолий харидорлари корейс банклари бўлиши мумкин.

KDBнинг ўзи Ўзбекистондаги шўба банкини сотиш бўйича аниқ қарор қабул қилинмаганини билдирган. Шу сабабли ҳозирча банкнинг Ўзбекистондаги фаолияти тўхтатилиши ёки ўзгариши ҳақида аниқ маълумот мавжуд эмас.

Маълумот учун, Корея тараққиёт банки 2006-йилда Daewoo Group'нинг «Woodoo Bank»ини сотиб олиб, Тошкентда ўз фаолиятини бошлаган. Бироқ шундан буён сезиларли натижаларга эришилмагани қайд этилган. Ҳозир Корея тараққиёт банки банк акцияларининг 86,32 фоизига эгалик қилади.

Teglar

Mavzuga oid