Кўз билан бошқариладиган автотехнология: GM янги патент олди

Bugun 19:492 daqiqa

«General Motors» ҳайдовчининг кўз ҳаракати орқали автомобиль йўлагини автоматик алмаштириш технологияси учун патент олди.

Кўз билан бошқариладиган автотехнология: GM янги патент олди © Foto: gmnews

«General Motors» автомобилни кўз қараши орқали йўлак алмаштириш технологиясига патент олди. Янги ишланма компаниянинг фирмавий «Super Cruise» тизимига қўшимча сифатида қўлланилиши мумкин. Бу ҳақда «Автомир» ёзмоқда.

Тизим қандай ишлайди?

Тизим ҳайдовчининг кўз ҳаракатини кузатувчи камера орқали ишлайди. Борт компютери ҳайдовчи қаерга қараётганини аниқлаб, маълумотни бошқарув модулига узатади.

Агар камера кўз ҳаракатининг маълум бир кетма-кетлигини қайд этса, «Super Cruise» автомобилга қўшни йўлакка автоматик равишда ўтиш буйруғини беради. Патентда қайси «мақсадли зоналар» назарда тутилгани аниқлаштирилмаган.

Бироқ тизим дарҳол ишга тушмайди — аввал электроника хавфсизлик бўйича бир қатор текширувларни амалга оширади.

Нотўғри ёки тасодифий йўлак алмаштиришларнинг олдини олиш учун автомобил фақат қатъий белгиланган ҳаракатлар комбинацияси бажарилганда ишлайди. Масалан, ҳайдовчи орқа кўриш ойнасига маълум вақт давомида қараши керак бўлади. Аммо бу вақт қанча экани ҳозирча маълум қилинмаган.

Тизим қачон жорий этилади?

Ҳозирча «General Motors» технологияни қачон ишлаб чиқаришга жорий этиши ёки умуман серияли автомобилларда қўллаши ҳақида маълумот бермаган.

Асосий савол шундаки: тизим ҳайдовчининг ойнага тасодифий қараши билан йўлакни онгли равишда ўзгартириш ниятини қандай ажратади?

Ахир ҳайдовчи керакли ҳаракатларни баъзан рефлектор тарзда ҳам бажариши мумкин.

Шунингдек, патент олингани технология албатта серияли машиналарда пайдо бўлади дегани эмас. У фақат истиқболли ишланма сифатида қолиб кетиши ҳам мумкин.

Teglar

Mavzuga oid

Кўз билан бошқариладиган автотехнология: GM янги патент олди | Vaqt.uz