Марказий банк мижоз ҳуқуқини бузган молия ташкилотларига миллиардлаб сўм жарима қўллаши мумкин

Bugun 10:552 daqiqa

Ўзбекистонда банк ва микромолия ташкилотлари учун мижоз ҳуқуқларини бузиш ҳолатларига нисбатан кескин чоралар белгиланди ва жарималар миқдори бир неча баробарга оширилди.

Марказий банк мижоз ҳуқуқини бузган молия ташкилотларига миллиардлаб сўм жарима қўллаши мумкин © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Марказий банк бошқарувининг «Банклар ва нобанк кредит ташкилотларига нисбатан чоралар ва санкциялар қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарорга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарори 2026 йил 2 май куни 3492-1-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.

Аввал амалдаги тартиб банклар ва айрим нобанк кредит ташкилотларига нисбатан қўлланилган бўлса, Низом доирасида эндиликда микромолия банклари, кафолатлар бериш ташкилотлари, факторинг ташкилотлари ҳамда кредит бюроларига нисбатан ҳам чоралар ва санкциялар қўллаш тартиби белгиланмоқда.

Марказий банки томонидан тасдиқланган янги ўзгартишларга кўра, банклар, микромолия ташкилотлари ва бошқа молиявий институтлар учун мижоз ҳуқуқларини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича аниқ ва қатъий жарима тизими жорий этилди. Энг муҳим янгиликлардан бири — мижозни чалғитиш ёки нотўғри маълумот бериш ҳолатлари учун катта молиявий жазолар белгиланганидир.

Жарималар кескин ошди

Янги қоидаларга мувофиқ, кредит ёки омонат шартлари бўйича тўлиқ маълумот тақдим этмаслик, кредитнинг ҳақиқий қийматини яшириш ёки ахборот варақасини бермаслик ҳолатлари учун банкларга ҳар бир ҳолат бўйича 3 млн сўмдан жарима қўлланади. Агар бундай ҳолатлар оммавий тус олса, жарима банк капиталининг 0,01 фоизигача, лекин камида 300 млн сўмни ташкил этиши мумкин. Микромолия ташкилотлари ва ломбардлар учун ҳам шунга яқин миқдорларда санкциялар белгиланган.

Энг оғир қоидабузарликлар

Шунингдек, хизматлар ҳақидаги маълумотларни расмий сайтда эълон қилмаслик, шартномаларни давлат тилида тақдим этмаслик ёки мижозга шартнома нусхасини бермаслик каби ҳолатлар учун ҳам алоҳида жарималар жорий этилди. Айниқса, мижоз розилигисиз пул маблағларини бошқа ҳисобрақамга ўтказиш энг оғир қоидабузарлик сифатида баҳоланиб, банклар учун 2,5 млрд сўмгача жарима қўллаш имконияти назарда тутилган.

Кредит бюролари ҳам қамровда

Янги тартибда кредит бюроларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Нотўғри маълумот юбориш ёки кредит тарихи бўйича хатоларга йўл қўйиш ҳолатлари учун ҳам худди шу даражада жарималар белгиланган. Шу билан бирга, мижоз мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқмаслик, банк сирини ошкор қилиш ва шартномаларга мижоз ҳуқуқини чекловчи бандлар киритиш каби ҳолатлар ҳам қатъий жазоланади.

Мазкур ўзгаришлар 2026 йил 7 августдан кучга киради.

Teglar

Mavzuga oid