Миллиард долларлик хусусий бизнеслар: қайси компаниялар бунча топади?
Ўзбекистонда 1 млрд доллардан ошиқ даромад қилаётган хусусий компаниялар сони кўпайиб бормоқда. 2025 йилда бир нечта хусусий бизнеслар миллиард долларлик тушумга эришди.
© vaqt.uzДавлат корхоналари орасида юқори даромад оладиган, иқтисодиётда муҳим ўринга эга бўлган компания ва ташкилотлар етарлича. Бироқ сўнгги йилларда хусусий бизнес орасида ҳам бундай номлар сони кўпаймоқда.
2025 йилда Ўзбекистонда бир қанча хусусий компаниялар 1 млрд долларлик даромад чегарасини кесиб ўтди. Vaqt.uz улар ҳақида сўз юритади.
Korzinka
Korzinka супермаркетлар тармоғи 2025 йил давомида 12 трлн сўмдан ошиқ даромад қилишга эришди. Бу ҳозирги ўртача курс билан 1 млрд долларга тўғри келади.
Дўконлар тармоғининг юридик эгаси — «Anglesey Food» МЧЖ ҚК молиявий кўрсаткичлари ҳақида маълумот iHamkor.uz платформасида мавжуд.
Korzinka 1 млрд долларлик даромад қилган бўлсада, йилни 245 млрд сўмдан ошиқ зарар билан якунлаган. Унинг зарари 2024 йилдан бундан ҳам кўпроқ эди — 262,3 млрд сўм.
Юқори даромадга қарамасдан бу даражада катта зарар компания сўнгги йилларда фаол кенгайиб бораётгани билан изоҳланади. Охирги 3,5 йиллик вақт ичида Korzinka дўконлари сони 2,5 баробар кўпайиб, 250 тадан ошди.
Асосий супермаркетлар билан бир қаторда Korzinka Mahalla форматини ҳам йўлга қўйган компания эндиликда Afzal Market номли янги дўконлар тармоғини ҳам ишга туширди.
Korzinka яқин йилларда дўконлар сонини жадал кўпайтиришни режа қилган. Компания 2025 йил ёзида Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан 110 млн долларлик инвестиция ҳам жалб қилганди.
Korzinka супермаркетлар тармоғига 1996 йилда, тадбиркор Зафар Ҳошимов томонидан асос солинган.
Centrum
Ўзбекистондаги саноқли хусусий авиакомпаниялардан бирига эгалик қилувчи Centrum Holding ҳам 2025 йилни 1 млрд доллар даромад билан якунлади. Бу ҳақда унинг директори ва асосчиси Абдулазиз Абдураҳмонов Bloomberg нашрига айтиб берди.
Ҳаво йўловчиларини ташиш билан машҳур бўлсада, Centrum Holding даромадининг асосий қисми логистика хизматларига тўғри келади. Компаниянинг 2025 йилдаги 1 млрд долларлик тушумининг 63 фоизи ер ва ҳаво орқали юк ташиш хизматларига тўғри келган.
Ҳолдингнинг 30 фоиз даромади йўловчи авиаташувларидан олинган бўлса, қолган 7 фоизи бошқа фаолият йўналишлари орқали таъминланган.
Шунингдек, Centrum Holding таркибига My Freighter юк авиакомпанияси, Centrum Holidays сайёҳлик агентлиги, логистика марказлари ҳамда бошқа қатор компаниялар ҳам киради.
Centrum Holding 2019 йилда Абдулазиз Абдураҳмонов ва Ҳафизжон Ғофуров томонидан ташкил қилинган.
«Kapitalbank»
Ўзбекистондаги энг йирик хусусий банк бўлган «Kapitalbank» 2025 йилда 13,1 трлн сўм даромад олишга муваффақ бўлди. Бу банк учун рекорд кўрсаткичга айланди.
Долларда ҳисобланганда банк даромади 1,1 млрд долларга яқин кўрсаткични қайд этди. «Kapitalbank» йил давомида 1,79 трлн сўм фойда олиб, Ўзбекистон банклари орасида кучли учликдан жой олди.
У фойда бўйича фақат давлат банклари бўлган «Миллий банк» (1,92 трлн сўм) ва «SQB»дан (1,89 трлн сўм) ортда қолди.
Хусусий банклар орасида 1 млрд долларлик даромад кўрсаткични фақат «Kapitalbank» қайд этди. Банк 2023 йилдан бери йирик хусусий бизнеслардан бири Uzum экотизими таркибида фаолият олиб бормоқда.
«Kapitalbank» 2001 йилда Ўзбекистондаги илк хусусий банклардан бири сифатида ташкил қилинган.
Бошқа бизнесларнинг кўрсаткичлари
Юқорида санаб ўтилган компаниялардан ташқари яна бир нечта хусусий бизнесларнинг 2025 йилдаги молиявий кўрсаткичлари эътиборга молик.
TechCrunch маълум қилишича, «Kapitalbank» билан алоқадор бўлган Uzum экотизими ўтган йили даромадини 505 млн доллардан 691 млн долларгача оширган.
Coca-Cola Uzbekistan ҳам 2025 йилги даромадини 40 фоизга ошириб, 7,64 трлн сўмга ёки тахминан 630 млн долларга етказган.
Akfa Group ҳам Ўзбекистондаги йирик хусусий бизнеслардан бири сифатида қаралади. Бироқ компаниянинг расмий молиявий ҳисоботини очиқ манбаларда топишнинг имкони йўқ.
Шунга қарамай Жаҳонгир Ортиқхўжаев бир қанча компаниялар таъсисчиси ҳисобланади ва уларнинг умумий даромади 1 млрд доллардан ошади.
Ортиқхўжаевнинг улуши мавжуд бўлган бир қанча компаниялар Жамоат аҳамиятига эга компаниялар орасига киритилган. 2027 йилдан бошлаб бу компаниялар молиявий ҳисоботини оммавий эълон қилишига тўғри келади.
Teglar






