Миллионерлар солиқ резидентлигини сақлаш учун БААга қайтмоқда

06.03.2026 | 17:413 daqiqa

Бирлашган Араб Амирликларидаги бой резидентлар хавфсизлик ёки паст солиқлар орасида танлов қилиши керак.

Миллионерлар солиқ резидентлигини сақлаш учун БААга қайтмоқда

Дубайда яшовчи ва Эрон билан уруш туфайли Бирлашган Араб Амирликларидан ташқарида қолиб кетган фуқаролар имкон қадар тезроқ уйига қайтишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда туристик компаниялар раҳбарлари ва ҳуқуқшунослар сўзларига таяниб, «Financial Times» хабар берди.

Шу тариқа солиқ резидентлари ўз мақомини сақлашга ҳаракат қилади, чунки хорижда узоқ қолиш ортидан катта солиқ мажбуриятлари юзага келиши мумкин.

Солиқ муаммоси

Европа хусусий чартер самолётлар маркетплейси «EnterJet» асосчиси Чарлз Робинсоннинг маълум қилишича, унга мижозлар БААга учиш истагини билдирмоқда.

«Солиқ афзалликларидан фойдаланиш учун молиявий йил давомида муайян миқдордаги кунни ушбу минтақада ўтказиш талаб этилади. Кўпчилик учун бу лимитни якунлаш мақсадида қайтиш зарур. Кўп ҳолларда учиш харажати агар талаблар бажарилмаса юзага келадиган эҳтимолий солиқ ҳисобидан анча арзон бўлиб чиқади », – деди у.

Дубайдаги «Taylor Wessing» юридик фирмаси раҳбари Роналд Грэмнинг маълум қилишича, унинг офиси «Буюк Британияда қанча кун қолганликни ҳисоблаш ва БААда туриш қоидалари бажарилмаса, солиқ мақомига таъсирини тушунтириш» бўйича конфиденциал сўровлар олган. Унинг таъкидлашича, кўп мижозлар ҳозирча ҳаракат қилаётгани йўқ, аммо бой шахслар «қачон ва қаерда ҳаракат қилиш ва ишлаш имкониятига эга бўлишини жуда қадрлайди ва Эрон билан уруш каби воқеалар бу имкониятни чекласа, улар бундан норозилик билдиради».

«Буюк Британияда бўлиб, уйига қайта олмайдиган шахслар турли иммиграция мақоми ва солиқ муаммоларига дуч келмоқда», – дейди «Withers» юридик фирмаси вакили Ханна Вайлоо.

Унинг сўзларига кўра, БААдан узоқда қолиш икки солиқ муаммосини келтириши мумкин: Дубайдаги кунлар етарли бўлмай, солиқ резиденти ҳисобланмаслик ва шу вақтда Буюк Британияда кўп кун ўтказиб, ушбу мамлакат резиденти ҳисобланиши, бу эса солиқ юкининг ошишига олиб келади.

Резидентлик нархи

Одатда, БАА солиқ резиденти ҳисобланиш учун шахс 12 ойлик даврда 183 кунни мамлакатда ўтказиши керак. Бошқа вариант – резидентлик визаси, БААда доимий яшаш жойи ва мамлакатда иш ёки бизнес бўлса, камида 90 кун туриш.

«Буюк Британия солиқ мақомини резидентлик синови асосида белгилайди: шахс мамлакатда қанча кун қолиши мумкинлиги ёки мажбурлиги унинг Британия билан боғлиқлик даражасига боғлиқ. Айримлар хорижда яшаб 120 кунгача Британияда қолиши мумкин, бошқалари эса кўпроқ боғлиқлик туфайли 90, 46 ёки ундан ҳам кам кун билан чекланади», – деб тушунтирди FT.

Онлайн солиқ декларация хизмати «Taxd» ҳаммуассиси Имон Шахирнинг таъкидлаганича, давлатлар орасида вақт тақсимлаган шахслар учун асосий вазифа – Британия синови бўйича нон-резидент мақомини сақлаб қолиш.

БААдаги бой фуқаролар, масалан, Ҳиндистон ва Франциядан келганлар ҳам шунга ўхшаш қийинчиликка дуч келади. Қолаверса, кўп резидентлар тескари равишда чиқиб кетишга ҳаракат қилмоқда. Антикризис эвакуация хизматларини таклиф қилувчи суғурта компаниялари маълумотларига кўра, хусусий самолёт ва автомобил ижараси нархи кескин ошган, чунки баъзи компаниялар ходимларини эвакуация қилишга уринмоқда.

Teglar

Mavzuga oid