Миллий инвестиция жамғармаси IPO'га чиқарган акциялар нархини эълон қилди

Bugun 12:252 daqiqa

Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси IPO'ни бошлаб, акция ва GDR'ларни сотувга чиқарди. Акцияларни жойлаштириш даври бугундан бошланиб, 12 майгача давом этади.

Миллий инвестиция жамғармаси IPO'га чиқарган акциялар нархини эълон қилди © stock

Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси — Uzbekistan National Investment Fund (UzNIF) оддий акциялар ва глобал депозитар тилхатлар (GDR)ни бирламчи оммавий жойлаштириш (IPO) бошланганини маълум қилди. Жойлаштириш жараёни 2026 йил 12 майгача давом этади.

Таклиф нархи бир GDR учун 25 доллар, бир акция учун эса 4,65 сўм этиб белгиланган. Ҳар бир GDR 64 700 та акцияга тенг. Барча қимматли қоғозлар ягона акциядор — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан сотувга қўйилмоқда.

Жамғарманинг умумий акциялари сони 5 триллиондан ортиқ бўлиб, ушбу нарх компания капиталлашувини тахминан 1,95 миллиард долларга баҳоламоқда. IPO орқали компания акциядорлик капиталининг тахминан 30 фоизи инвесторларга таклиф этилади.

Халқаро чиқиш режалари

UzNIF акцияларини Тошкент Республика фонд биржасида жойлаштириш учун ариза топширган. Шунингдек, GDR'ларни Буюк Британия молиявий регулятори — FCA расмий рўйхатига киритиш ва Лондон фонд биржасида савдога чиқариш режалаштирилган.

Якуний жойлаштириладиган акция ва GDR'лар ҳажми глобал координатор билан маслаҳатлашувлардан сўнг 13 май куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Инвесторлар учун имкониятлар

IPO икки қисмдан иборат: маҳаллий ва айрим хорижий инвесторлар учун акциялар, ҳамда халқаро институционал инвесторлар учун GDR'лар таклиф этилади.

“BlackRock”, “Franklin Resources” ва “Redwheel” каби йирик фондлар, шунингдек, айрим ғазначилик компаниялари тахминан 300 млн долларлик GDR'ларга обуна бўлиш бўйича келишув тузган.

Жисмоний шахслар учун қўшимча рағбат сифатида 12 млрд сўмгача бўлган аризаларга 5 фоиз чегирма тақдим этилмоқда. Бу ҳолда акция нархи 4,41 сўмни ташкил қилади.

Чакана инвесторлар маҳаллий брокерлар (Alkes Research, Avesta Investment Group va Bluestone Financial Group Inc) ёки “Jett” платформаси орқали иштирок этиши мумкин. Савдолар Тошкент ва Лондон биржаларида тахминан 18-майдан бошланиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Миллий инвестиция жамғармасининг IPO жараёнига тайёргарлик кўриши ва уни мувофиқлаштиришни Ўзбекистонда ишлаш лицензиясига эга бўлган “Franklin Templeton” халқаро инвестиция компанияси амалга оширмоқда.

Teglar

Mavzuga oid

Миллий инвестиция жамғармаси IPO'га чиқарган акциялар нархини эълон қилди | Vaqt.uz