Мутахассис Фарғона водийсида юз бериши мумкин бўлган эҳтимолий зилзилага баҳо берди
Сейсмик харитага кўра, водийнинг 90 фоиздан ортиқ ҳудуди 8 баллли зонага киради.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ижтимоий тармоқларда Фарғона водийсида яқин вақтларда кучли зилзила содир бўлиши ҳақида тарқалаётган хабарлар юзасидан расмий муносабат билдирди.
Академия аҳолини тасдиқланмаган маълумотларга ишонмасликка ва асоссиз ваҳимага берилмасликка чақирди.
Сейсмология институти лаборатория мудири Улфат Нурматовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳудуди табиатан сейсмик фаол минтақада жойлашган ва бу ерда зилзила келтириб чиқариши мумкин бўлган йирик ер ёриқлари илмий жиҳатдан тўлиқ ўрганилган. Шу асосда республика бўйича сейсмик хавф хариталари ишлаб чиқилган ва барча қурилиш ишлари айнан шу меъёрлар асосида амалга оширилади.
Унинг сўзларига кўра, йирик шаҳарлар учун ҳам сейсмик хариталар мавжуд бўлиб, улар қурилаётган биноларнинг мустаҳкамлигига қўйиладиган талабларни белгилайди.
Асоссиз ваҳимага ўрин йўқ
Мутахассиснинг қайд этишича, Фарғона водийсида охирги кучли зилзила 2011 йилдаги Кон зилзиласи бўлиб, унинг магнитудаси 6,4 ни ташкил этган. Ундан кейин бундай кучли зилзилалар кузатилмаган.
Ҳозирги вақтда 5–5,5 магнитудали зилзилалар вақти-вақти билан содир бўлиб туради, аммо уларнинг кучи нисбатан паст ҳисобланади. Йирик сейсмик фаол ҳудудлар асосан Тожикистон ва Помир томонларида жойлашган бўлиб, у ердаги кучли зилзилаларнинг таъсири 9 баллдан ошмайди.
Афғонистон ҳудудида тез-тез содир бўлиб турадиган зилзилалар ўчоғи эса анча пастда асосан 250, салкам 300 километр чуқурликда жойлашган бўлади.
«Марказий Осиёнинг ҳамма республикалари бу зилзила таъсирини ҳис қилади, лекин буларнинг кучи ҳеч қачон 8-9 балл даражага етмайди, чунки у чуқурда сўниб боради», — дейди мутахассис.
95 фоизлик кафолат
Нурматовнинг маълум қилишича, Фарғона водийси учун тузилган сейсмик харитага кўра, ҳудуднинг 90 фоиздан ортиғи 8 баллли зонага киради. Фақат Андижон шаҳрининг шарқий қисмида айрим ҳолатларда 9 баллли силкиниш эҳтимоли мавжуд.
Қайд этилишича, бу даражадаги зилзилаларнинг содир бўлиши учун мавжуд бўлган ер ёриқлари ўзининг максимал сейсмик потенциалини юзага чиқариши керак. Шундай бўлган тақдирда ҳам силкиниш 8 баллдан ошмайди.
Шу билан бирга, баҳолашларга кўра, кейинги 50 йил ичида мазкур ҳудудда зилзила кучи 8 баллдан ошмаслик эҳтимоли 95 фоизни ташкил этади.
«Бугунги кундаги Фарғона водийсидаги реал аҳвол: асосий қисми саккиз балл, Андижон шаҳрининг шарқий қисмида тўққиз баллга тенг бўлган силкиниш юзага келиши мумкин. Агарда ўша ер ёриқлари ўзининг максимал потенциалини ишлата олса. Энди буни қачон ишлатади? Буни эҳтимоли ниҳоятда кам, ўшанинг учун аҳоли ҳеч қанақа ваҳимага тушишга асос йўқ», — деди мутахассис.
