Logo

«Мутлақо шармандали ҳолат»: Украина куч ишлатар тизимлари бир-бирига ўқ узди

Bugun 11:454 daqiqa

Украина хавфсизлик кучлари — Хавфсизлик хизмати ва Бош разведка бошқармаси ўртасида содир бўлган отишма видеотасвирга тушиб қолди. Дастлаб томонлар ўртасида оғзаки тортишув юзага келган, шундан сўнг «Алфа» махсус бўлинмаси жангчилари разведкачилар томон ўт очган. Биринчи бўлиб ким ўқ узгани ҳозирча номаълум. ОАВ маълумотларига кўра, тўқнашувга «Рус кўнгиллилари корпуси» қўмондони ўринбосари Степан Каплуновнинг қўлга олиниши сабаб бўлган.

«Мутлақо шармандали ҳолат»: Украина куч ишлатар тизимлари бир-бирига ўқ узди © Ijtimoiy tarmoqlar

Украина президенти Владимир Зеленский Киевда Хавфсизлик хизмати ва Бош разведка бошқармасининг айрим бўлинмалари ўртасида қуролли тўқнашувга сабаб бўлган бу вазиятни «мутлақо шармандали» деб баҳолади. Давлат раҳбари ўзининг кечки мурожаатида таъкидлашича, воқеа тафсилотлари Бош прокуратура ва Давлат тергов бюроси томонидан ўрганилиши, ҳар иккала махсус хизматда эса ички текширувлар ўтказилиши шарт.

«Бугун Киевда СБУ ва ГУРнинг айрим бўлинмалари ўртасида юз берган мутлақо шармандали ҳолат бўйича бош прокурор Руслан Кравченко билан гаплашдим. Бош прокуратура ва Давлат тергов бюроси барча тафсилотларни аниқлайди. Ушбу воқеа иштирокчиларининг барча кўрсатма ва баёнотлари, умуман бутун вазият босқичма-босқич текширилади», — деди Зеленский.

Президент текширув натижаларига кўра, албатта, жавобгарлик масаласи кўрилиши, хусусан, тегишли ходимларга нисбатан қатъий қарорлар қабул қилиниши кераклигини таъкидлади.

«Жавобгарлик бўлиши шарт. Жумладан, махсус хизматлар раҳбарлари воқеа иштирокчилари юзасидан тегишли кадрлар қарорларини чиқариши ва ҳар иккала тузилмада ички текширувлар ўтказилиши керак», — дея қўшимча қилди у.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина куч тузилмалари ўртасида қурол ишлатилишига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди.

«Бу ерда, Украинада, фақатгина ватанимизни ҳимоя қилиш мақсадида россиялик босқинчиларга қарата ўқ узиш мумкин. Бошқа ҳар қандай отишма давлатимиз томонидан рухсат этилган ҳолат сифатида қабул қилинмайди», — деб хулоса қилди президент.

СБУ ва ГУР ўртасидаги отишма

2 сентябр куни Киевдаги Юрий Шумский кўчасида икки марта — тунда ва кундузи отишма содир бўлди. ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, қуролли можаро СБУ ва ГУР ходимлари ўртасида келиб чиққан. Бироқ ҳар иккала идора ҳам дастлаб бу маълумотни рад этган эди.

Разведка хизматининг маълум қилишича, куч ишлатар тузилмалар Мустақиллик куни муносабати билан Украинага ташриф буюрган Россия мухолифати етакчиларидан бирига нисбатан ФХХ томонидан режалаштирилган терактнинг олдини олган. Кейинроқ эса СБУ баёнот бериб, махсус хизмат ходимлари далилларни тўплаш ва қайд этиш бўйича кечиктириб бўлмас тергов ҳаракатларини олиб бораётган бир вақтда, бир гуруҳ шахслар уларга қуролли ҳужум уюштирганини билдирди.

Идоранинг қўшимча қилишича, дастлабки тергов ҳаракатлари давомида қўлга олинган шахслар Украина армиясининг «бўлинмаларидан бирига» мансуб экани аниқланган.

«ZN.ua» нашрининг ёзишича, мазкур воқеалар «Рус кўнгиллилари корпуси» (РКК) қўмондони ўринбосари Степан Каплуновнинг ўғирлаб кетилиши билан бевосита боғлиқ. Гарчи Каплунов 23 август оқшомидан бери алоқага чиқмаётган бўлса-да, корпус унинг бедарак йўқолгани ҳақида кеча хабар берди.

 «Бир неча кун олдин РКК қўмондонининг жанговар амалиётлар бўйича ўринбосари Степан Каплунов ўз уйининг ҳовлисида номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилган», — дейилади бўлинма штаб бошлиғи Александр Фортуна номидан РККнинг Telegram-каналида эълон қилинган хабарда.

Фортунанинг таъкидлашича, Каплунов бедарак йўқолгач, РКК вакиллари тезкорлик билан ГУР, СБУ ва Украина Давлат тергов бюросига мурожаат қилган.

РКК вакилларининг таъкидлашича, ГУР, СБУ ва Давлат тергов бюроси (ГБР) бу ҳодисадан бошиданоқ хабардор бўлган. Бироқ улар кўнгиллиларга Каплуновнинг қаерда экани ҳақида маълумот беришга шошилмаган.

ГУР вакили: СБУ ходимлари қўмондонни ўғирлаб кетди

2 сентябр оқшомида РКК Бош разведка бошқармасининг «Тимур» махсус бўлинмаси қўмондонининг расмий баёнотини эълон қилди.

«ГУР бўлинмаларидан бирининг жанговар қўмондони кундуз куни, ҳамманинг кўз ўнгида ўғирлаб кетилди. Бу ишни Украина Хавфсизлик хизмати ходимлари амалга оширган. Унга нисбатан ҳеч қандай расмий айблов илгари сурилмасдан туриб қўлга олинган», — деб ёзди у.

«Тимур» қўмондонига кўра, СБУ билан барча процессуал ҳаракатларни амалдаги қонунчилик доирасида давом эттириш бўйича ўзаро келишувга эришилган. Бироқ шундан сўнг, хизматнинг айрим ходимлари ГУР вакилларини ҳибсга олишга киришган ва қуролсизлантирилган ГУР ходимларига қарата огоҳлантиришсиз ўт очган.

Адвокат: Каплунов қўйиб юборилган, суиқасд эса тўқиб чиқарилган бўлиши мумкин

Каплуновнинг адвокати Тарас Боровскийнинг таъкидлашича, унинг мижози 2 сентябр кундуз куни озод қилинган. Ҳуқуқшунос унинг айни пайтда қаерда эканидан бехабар эканини билдирди. Шунингдек, у СБУ нинг Каплуновга қарши суиқасднинг олди олингани ҳақидаги талқини шунчаки тўқиб чиқарилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

«Менимча, СБУ матбуот хизмати ўз ходимлари томонидан ноқонуний тарзда амалга оширилган ҳибсга олишни ва Жиноят-процессуал кодексининг барча нормалари қўпол равишда бузилганини шу йўл билан хаспўшламоқчи... Бироқ биз жамият учун бундай талқин маъқулроқ бўлиши мумкинлигига кўндик ва бундан буён ахборот маконида ортиқча шов-шув кўтармаймиз», — дея Боровскийнинг сўзларини келтиради «РБК-Украина» агентлиги.

Teglar

Mavzuga oid