add

Наманганда болаларга ноқонуний диний таълим берган шахс қўлга олинди

16.12.2025 | 16:381262 daqiqa

Маълумотларга кўра, 31 ёшли эркак ўзи ижтимоий тармоқлардаги номаълум сайтлардан мустақил равишда диний тушунчаларни ўрганган, лекин ҳеч қандай диний маълумотга эга бўлмаган.

Наманганда болаларга ноқонуний диний таълим берган шахс қўлга олинди

Наманган шаҳрида 31 ёшли эркак томонидан болаларга ноқонуний диний таълим берилгани аниқланиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилишича, ушбу шахс 2025 йил июнь ойидан бошлаб ижарага олинган хонадонида яширин «ҳужра» ташкил этган ва у ерда болаларни қонунга хилоф равишда ўқитиб келган.

Маълумотларга кўра, ҳужрада Наманган шаҳри ҳамда вилоятнинг турли туманларида яшовчи жами 23 нафар бола диний таълим олган. Улардан 10 нафари етти ёшгача, 13 нафари эса мактаб ёшида бўлган. Болалар жорий ўқув йилида умуман мактаб дарсларига қатнашмаган, таълим муассасалари томонидан эса уларни ўқишга қайтариш бўйича самарали чоралар кўрилмаган.

Аниқланишича, ушбу шахснинг ўзи расмий диний маълумотга эга эмас, диний тушунчаларни ижтимоий тармоқлардаги номаълум манбалар орқали мустақил ўрганган. У ойига 300 доллар эвазига ижарага олинган уйда машғулотлар ўтказиб, болалар таълимини назоратсиз қолдирган.

Текширувларда айрим ота-оналар мактаб маъмурияти билан келишган ҳолда фарзандларини электрон таълим назоратидан чиқариб юборгани, болаларнинг ўқишга бормаётганини яшириш учун ўқиш жойларини тез-тез ўзгартириб келгани маълум бўлди. Болаларнинг ота-оналари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси асосида жавобгарликка тортилди.

Шунингдек, мактаб раҳбарлари ва ўқитувчиларининг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 228-моддаси билан баҳоланиши мумкинлиги таъкидланди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан текширув ишлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввал ҳам Наманганда ноқонуний диний таълим бериш ҳолатлари фош этилганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid