Logo

«Очиқ, лекин ёпиқ»: Суд ОАВга 90 миллион долларлик миграция ишини ёритишни тақиқлади

Bugun 16:352 daqiqa

Бугун, 29 июл куни Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судида Жанубий Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ ва 90 миллион АҚШ доллари миқдорида зарар етказилгани айтилаётган йирик жиноят иши бўйича суд жараёни бошланди. Суд мажлиси судья Дурдона Дадахонова раислигида ўтказилмоқда. Бу ҳақда Vaqt.uz мухбири хабар берди.

«Очиқ, лекин ёпиқ»: Суд ОАВга 90 миллион долларлик миграция ишини ёритишни тақиқлади

Дастлабки суд мажлисида собиқ юқори лавозимли мулозимлар — Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) собиқ зобити, подполковник Ганчар Узоқов, ДХХ Ички хавфсизлик департаменти собиқ бошлиғи, полковник Алижон Ашуров, унинг ўринбосари Темур Шорихсиев ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғининг собиқ биринчи ўринбосари Суҳроб Сайфутдинов судланувчи сифатида иштирок этмоқда.

Маҳкама аввалида залга оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам киритилди. Раислик қилувчи судья Д.Дадахонова журналистларнинг иштирок этишдан мақсади ва жараённи қай тартибда ёритиш ниятида экани юзасидан мулоқот ўтказди. Бунда Vaqt.uz мухбири жараённинг очиқ ёритиб борилиши судлов фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш ва судга нисбатан жамият ишончини оширишнинг самарали воситаси эканини инобатга олган ҳолда судни ОАВ учун очиқ қилишни сўради. Давлат айбловчиси (прокурор) ушбу масала бўйича қарор қабул қилишни суднинг ихтиёрига қолдирди.

Шундан сўнг судья адвокатлар ва судланувчиларнинг ОАВ иштирокига оид позициясини сўради. Судланувчиларни ҳимоя қилаётган 10 дан ортиқ адвокатлар жамоаси Конституцияда шахснинг шаъни ва қадр-қиммати ҳимоя қилинишини важ қилиб кўрсатиб, журналистларнинг қатнашишига қатъий қаршилик қилишди. Судланувчилар ҳам ўз ҳимоячиларининг позициясини қўллаган ҳолда жараённинг ОАВда ёритилишига норозилик билдиришди. Фақатгина судланувчи Ганчар Узоқов бу борадаги қарорни суд ихтиёрига қолдирди.

Якунда суд ўз ўрнида ажрим чиқариб, мажлис очиқ тартибда ўтказилишини, бироқ уни матбуотда ва ОАВда ёритиш ман этилишини маълум қилди.

Судланувчиларга эълон қилинган айбловлар

Прокуратура органлари томонидан олиб борилган тергов якунларига кўра, судланувчиларга Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича айблов эълон қилинган:

  • Узақов Ганчар Уммат ўғли: 210-модда 3-қисми «а», «б» бандлари (Пора олиш), 243-модда (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 301-модда 1-қисми (Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги);

  • Шариxсиев Тимур Бадридинович: 210-модда 3-қисми «а», «б» бандлари (Пора олиш), 243-модда (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 301-модда 1-қисми (Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш...);

  • Ашуров Алижон Ганиевич: 210-модда 3-қисми «а», «б» бандлари (Пора олиш), 243-модда (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 301-модда 1-қисми (Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш...);

  • Сайфутдинов Сухроб Санжарович: 210-модда 3-қисми «а», «б» бандлари (Пора олиш), 243-модда (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 301-модда 1-қисми (Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш...).

Маълумот учун: Бугун, шунингдек, 200 миллиард сўмлик зарар етказилган бошқа бир шов-шувли иш — Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг собиқ директори А.Ортиқовга оид турли суд жараёнлари ҳам ОАВ ва жамоатчилик эътиборидан панада ўтиши бўйича қарор қабул қилинган эди.

 

Teglar

Ilyos Safarov

Ilyos SafarovMaqolalar soni: 123

Barchasi

Mavzuga oid