Октябрда қор ёғадими? Ўзгидромет ойлик об-ҳаво прогнозини эълон қилди
Ой давомида совуқ оқимларнинг кириб келиши ҳисобига ҳарорат пасайиши ва айрим жойларда кучли ёғингарчилик бўлиши кутилмоқда.

Жорий йилнинг октябрь ойи Ўзбекистонда беқарор об-ҳаво билан бошланади. Ой давомида ҳароратнинг кескин ўзгариб туриши, баланд тоғли ҳудудларда ёмғир қорга айланиши ва қатор вилоятларда ёғингарчилик меъёрдан кўп бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.
Қайд этилишича, 1 октябрь куни республиканинг марказий ва шарқий вилоятларида нам ва нисбатан салқин ҳаво оқими таъсири сақланиб қолади. Айрим жойларда ёмғир ёғади, баланд тоғли ҳудудларда эса ёмғир қорга айланиши мумкин. 2-4 октябрь кунлари ёғингарчилик кутилмайди ва ҳарорат кўтарилади. Аммо 4 октябрда шимоли-ғарбдан янги совуқ оқим кириб келиб, 5-7 октябрь кунлари бутун Ўзбекистон ҳудудига тарқалади.
Ҳароратнинг бундай тез-тез ўзгариб туриши октябрь ойининг охиригача давом этади. Ой давомида кундузи ҳарорат +25...+28 даражагача кўтариладиган илиқ кунлар вақти-вақти билан салқинлашиш даврлари билан алмашиб туради. Совуқ ҳаво кириб келганда кечаси ҳарорат +3...+8 даражагача, кундузи эса +15...+20 даражагача пасаяди. Шимолий ҳудудларда салқинлашиш янада кучлироқ сезилиб, ҳарорат кечаси 0...-2 даража совуққача тушиши тахмин қилинмоқда. Умуман олганда, октябрда ўртача ҳарорат иқлим меъёри атрофида ва баъзи жойларда ундан юқори бўлади.
Ёғингарчилик миқдори ҳудудлар бўйлаб нотекис тақсимланади. Тақдим қилинган маълумотларга кўра, республиканинг шимолида ёғингарчилик меъёрдан кам, марказий ва жануби-шарқий ҳудудларда меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда. Бироқ Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари, шунингдек, Фарғона водийсининг айрим туманларида ёғингарчилик миқдори меъёрдан кўп бўлиши эҳтимоли бор.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда 150 йилдан ортиқ кузатувлар тарихида октябрь ойидаги энг паст ҳарорат Тошкентда 1909 йилда қайд этилган бўлиб, -11,2 даража совуқни ташкил қилган.
XXI асрдаги энг серёғин октябрь эса 2015 йилда кузатилган бўлиб, ўшанда Тошкентда ойлик меъёрдан 4 баробар кўп (88 мм) ёмғир ёққан. Октябрда ҳавонинг кескин совиб кетиши натижасида ёмғирнинг қорга айланиши эса жуда камдан-кам – ҳар 8-10 йилда бир марта кузатиладиган ҳодиса ҳисобланади.





