Олий аттестация комиссиясининг раиси лавозимидан озод этилди
Олий аттестация комиссиясини 11 йил давомида бошқарган Аҳмадбек Юсупов лавозимидан озод этилди.
© Toshkent davlat sharqshunoslik universitetiВазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ, Аҳмадбек Тоджиевич Юсупов Олий аттестация комиссияси раиси лавозимидан озод этилди.
У 2015 йил 11 ноябрдан буён мазкур тузилмага раҳбарлик қилиб келаётган эди. Шу тариқа у мамлакатда илмий даражалар ва илмий унвонлар тизими учун масъул бўлган идорани ўн йилдан ортиқ вақт бошқарган раҳбарлардан бири сифатида фаолият юритди.
Тизимда янги ўзгаришлар
25 май куни Фанлар академияси президенти Шавкат Аюпов давлат раҳбари иштирокида бўлиб ўтган тақдимотда қатор ташаббусларни илгари сурган эди. Тақдим этилган таклифлар орасида Олий аттестация комиссиясини Олий таълим вазирлиги тизимидан чиқариб, Фанлар академияси тизимига ўтказиш ташаббуси ҳам бўлган.
ОАК раисининг асосий вазифалари:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари, Ҳукумат қарорлари ва топшириқларини ўз муддатида самарали ва натижали ижро этилиши ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини таалуқлилиги бўйича муддатида сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш;
ОАК ваколатига кирувчи масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ҳамда ОАКга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши юзасидан шахсан жавоб беради;
ОАКнинг эксперт кенгашлари, бўлимлари ва бошқа бўлинмалари фаолиятини йўналтиради ва назорат қилади;
Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш масалалари бўйича ўз ваколатлари доирасида ОАК қарорларини, илмий даражалар бериш тўғрисидаги дипломларни ва илмий унвонлар бериш тўғрисидаги аттестатларни имзолайди;
ОАК аппаратининг ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;
ОАК аппарати таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомни белгиланган тартибда тасдиқлайди;
ОАК аппарати ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;
Зарурият бўлганда ходимларнинг белгиланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида аппарат тузилмасига ўзгартиришлар киритади, ОАК аппаратининг штат жадвалини, шунингдек ОАК аппарати харажатлар сметасини тасдиқлайди;
Қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз ваколатлари доирасида бошқа ваколатларни амалга оширади.




