Logo

Оқ уйдаги UFC турнири 30 миллион доллар зарар келтирди

Bugun 08:002 daqiqa

Бироқ компания бу лойиҳани узоқ муддатли инвестиция деб баҳоламоқда.

Оқ уйдаги UFC турнири 30 миллион доллар зарар келтирди

«UFC Freedom 250» турнирини Оқ уйда ўтказиш ташкилотга 30 миллион долларлик зарар келтирди. Бу ҳақда UFC лигасининг бош компанияси — АҚШнинг «TKO Group Holdings» (TKO) корпорацияси ҳисоботида маълум бўлди.

TKO молиявий директори Эндрю Шлеймернинг сўзларига кўра, турнир учун чипталар сотилмагани ва трансляциядан даромад олинмагани сабабли тадбирдан тушум бўлмаган. Шу билан бирга, харажатларнинг бир қисми ҳомийлик ва ҳамкорлик келишувлари орқали қопланган.

«UFC Freedom 250» турнири 14 июндан 15 июнга ўтар кечаси АҚШ мустақиллигининг 250 йиллиги ва президент Дональд Трампнинг 80 йоши муносабати билан Оқ уйнинг жанубий майдонида ўтказилган эди.

Компания раҳбарияти тадбирни «улкан муваффақият» деб атади

Эндрю Шлеймернинг айтишича, тадбир учун дастлабки харажатлар 60 миллион доллардан ошиши кутилган. Бироқ ҳомийлар, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик ва бошқа тижорат келишувлари орқали бу харажатларнинг салмоқли қисми қопланган.

«Bloomberg» келтирган «TKO» маълумотларига кўра, «UFC Freedom 250» реклама ва маркетинг ҳамкорликлари орқали 1 миллиард долларлик қиймат яратган. Шунингдек, компания 25 та янги маркетинг ҳамкорини жалб қилган бўлиб, уларнинг кўпчилиги билан узоқ муддатли шартномалар имзоланган.

Компания раҳбарияти ушбу тадбирни «улкан муваффақият» деб баҳолаб, у келажакда мухлислар базасини кенгайтириш ва янги бизнес алоқаларини шакллантириш орқали ўзини оқлашини таъкидлаган.

Умумий даромад ўсди

Молиявий ҳисоботга кўра, «UFC»нинг 2026 йил иккинчи чорагидаги умумий даромади ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 29 фоизга ошган. Даромад 119,8 миллион доллардан 535,7 миллион долларга етган.

Бу ўсишга январ ойидан кучга кирган «Paramount» билан янги трансляция шартномаси ҳисобига медиаҳуқуқлардан тушган қўшимча 64,7 миллион доллар даромад асосий омил бўлган.

Маълумот учун, «UFC Freedom 250» турнирининг марказий жангида америкалик Жастин Гейжи енгил вазн тоифасидаги чемпион Илия Топурияни мағлуб этиб, унинг профессионал фаолиятидаги илк мағлубиятини қайд этганди.

«UFC Freedom 250» эса президент қароргоҳи ҳудудида ўтказилган илк профессионал аралаш жанг санъати турнири сифатида тарихга кирди.

Teglar

Mavzuga oid