Ўзбекистон иқтисодий эркинлик индексида 14 поғонага кўтарилди

Мамлакат биринчи марта «ўртача эркин» давлатлар қаторига кирди. Ўзбекистон олдинги йилларда асосан эркин бўлмаган давлатлар сафида бўлган.

Ўзбекистон иқтисодий эркинлик индексида 14 поғонага кўтарилди

Жорий йилнинг март ойида иқтисодий эркинлик индекси бўйича навбатдаги ҳисобот «Мерос» жамғармаси (Heritage Foundation) томонидан эълон қилинди. Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон 184 та дунё мамлакатлари орасида 60,3 балл (+2,3 балл) билан 86-ўринни эгаллади ва 2025-йилга нисбатан дунё рейтингида 14 поғонага юқорилади (2018-йилга нисбатан 66-поғонага ўсишга эришди).

Ўзбекистон иқтисодий эркинлик даражаси бўйича жаҳон (59,9 балл) ҳамда минтақавий (58,6 балл) ўртача кўрсаткичдан юқори бўлиб, биринчи марта «ўртача эркин» («moderately free») давлатлар қаторига кирди (олдинги йилларда асосан эркин бўлмаган давлатлар қаторида бўлган). Республика баҳосидаги 12 та индикаторнинг 8 тасида ижобий ва 2 тасида салбий ўзгаришлар кузатилган бўлса, қолган 2 тасида эса ўзгариш кузатилмаган.

Шунингдек, ҳисоботда Ўзбекистон рақобатбардош бозор иқтисодиётини барпо этиш йўлида муҳим ислоҳотларни амалга ошираётгани, иқтисодий эркинликни таъминловчи, янада очиқроқ ва замонавийроқ тизимга ўтишни кўмаклашувчи сиёсатни олиб бораётгани таъкидланган. Хусусан, ҳукумат банк сектори ва давлат корхоналарига аралашувни камайтиришга амал қилиб келаётгани ҳамда бизнесни бошлаш жараёни соддалаштирилгани қайд этилган. Ҳисоботда келтирилишича, замонавий меҳнат бозори ривожланишда давом этмоқда, аммо норасмий секторда бандлик сезиларли даражада сақланиб қолмоқда.

Давом этаётган инфляцион босимга қарамасдан, мамлакатнинг пул-кредит ҳолати нисбатан барқарор даражада сақланаётгани ҳамда Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнининг сўнгги босқичида эканлиги эътироф этилган.

Иқтисодий эркинлик индекси Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг самарадорлигини баҳолашда, хорижий инвестицияларни жалб этиш, бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш, давлатимизнинг халқаро майдондаги ўрни ва имижини шакллантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Бу ўзи қандай индекс?

Иқтисодий эркинлик индекси – мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши, инвестиция муҳити ва бозор муносабатлари ҳолатини баҳолайдиган муҳим халқаро кўрсаткичдир. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг билдиришича, иқтисодий эркинлик индекси Ўзбекистон учун устувор бўлган 15 та халқаро рейтинг ва индекслардан бири ҳисобланади.

Иқтисодий эркинлик индекси методологиясига кўра мамлакатлар иқтисодий эркинлик даражаси бўйича 5 гуруҳга бўлинади: 80–100 балл — «эркин иқтисодиёт», 70–79.9 балл — «асосан эркин», 60–69.9 балл — «ўртача эркин», 50–59.9 — «асосан эркин эмас», 0–49.9 балл — «иқтисодий жиҳатдан репрессияланган».

Етакчилар кимлар?

Иқтисодий эркинлик индексида Топ 4 ликни қуйидаги давлатлар эгаллади:

Сингапур – 84.4

Швейцария – 83.7

Ирландия – 83.3

Австралия – 80.1

Ўзбекистон бошқа рейтингларда

2025-йилда «Fitch» ва «S&P» Ўзбекистон суверен кредит рейтингини илк маротаба «BB-»дан «BB» даражасига, «Moody’s» республика рейтинг кутилмасини «барқарор»дан «ижобий»га оширди. Натижада, Ўзбекистон ҳукумати ва бошқа эмитентлар учун янги қарз жалб қилиш харажатларини ўртача 1,06 - 1,40 фоизга пасайтириш имконияти пайдо бўлди ҳамда 17 банк ва корхоналарнинг рейтинги оширилди.

Teglar

Mavzuga oid