Logo

Ўзбекистон Жанубий Европа ва Ўрта ер денгизи бозорларига чиқишда Албаниянинг Дуррес портидан фойдаланиши мумкин

Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ҳамда Албания Президенти Байрам Бегай иштирокидаги музокараларда муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Жанубий Европа ва Ўрта ер денгизи бозорларига чиқишда Албаниянинг Дуррес портидан фойдаланиши мумкин © prezident.uz

2026 йил 16 июнь куни Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Албания Республикаси Президенти Байрам Бегай расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказди.

Икки давлат ўртасида амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари кўриб чиқилди.

Учрашув аввалида давлат раҳбари Ўзбекистон ва Албания муносабатлари тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу саммит алоҳида аҳамиятга эга эканини, унинг икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишини қайд этди.

Сиёсий мулоқот ва турли даражадаги алоқалар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. БМТ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида томонлар бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Товар айирбошлашни кенгайтиришга, агросаноат мажмуи, «яшил» энергетика, геология, ахборот технологиялари ва рақамлаштириш, туризм ҳамда бошқа муҳим соҳаларда кенг кўламли кооперация дастурини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон маҳсулотларини Жанубий Европа ва Ўрта ер денгизи бозорларига чиқаришда логистика хаби сифатида Албаниянинг Дуррес портидан фойдаланиш имкониятлари ўрганилади.

Иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини кенгайтириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Ҳамкорликнинг иқтисодий кун тартибини илгари суриш мақсадида Ҳукуматлараро комиссияни ташкил этиш ва унинг биринчи йиғилишини жорий йилда Тошкент шаҳрида ўтказишга келишиб олинди.

Маданий-гуманитар соҳада томонлар ўзаро Маданият кунлари, кино намойишлари, кўргазма ва ижодий сафарларни ташкил этиш муҳимлигини таъкидладилар.

Етакчилар минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Teglar

Mavzuga oid