Logo

Ўзбекистон, Озарбойжон ва Туркия ҳарбий ҳамкорликни кучайтирмоқда

Bugun 20:592 daqiqa

Озарбойжонда Ўзбекистон, Туркия ва Озарбойжон ҳарбийлари иштирокидаги машғулотлар якунланиши арафасида Тошкент ва Боку 2027 йил учун алоҳида ҳамкорлик режасини ҳам имзолади.

Ўзбекистон, Озарбойжон ва Туркия ҳарбий ҳамкорликни кучайтирмоқда

Озарбойжонда 21 сентябрдан 1 октябрга қадар Ўзбекистон, Озарбойжон ва Туркия ҳарбийлари иштирокида «Бирлик кучи — 2026» қўшма ҳарбий машғулотлари ўтказилди.

Машғулотларни кузатишда юқори мартабали шахслар — Озарбойжон мудофаа вазири генерал-полковник Зокир Ҳасанов, Туркия миллий мудофаа вазири Яшар Гюлер ва Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Шухрат Холмухамедов иштирок этди.

Тадбир Озарбойжон армиясининг Қорабоғ иқтисодий ҳудудида жойлашган «Қизилға» ўқув марказида ўтказилди.

Ҳарбийлар қандай машғулотлар ўтказди?


Озарбойжон Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, машғулотлар давомида ҳарбийлар турли жанговар сценарийлар бўйича амалий вазифаларни бажарган.
Жумладан, шахсий таркибни бронетранспортёрларда операция ҳудудига олиб бориш, аҳоли яшаш пунктларида жанг олиб бориш, миналанган ҳудудларда йўлаклар очиш, шартли террорчилар эгаллаган позицияларга ҳужум қилиш ва объектларни эгаллаш машқ қилинган.

Шунингдек, бронетехникани танкка қарши воситалар ёрдамида йўқ қилиш, жанговар вертолётлар, бронетехника ва артиллерия кўмагида ҳаракат қилиш бўйича машғулотлар ўтказилган.

Машғулотларнинг денгиз қисмида эса дронлар ҳужумига қарши ҳаракатлар, террорчилар томонидан эгалланган денгиз платформаси ва кемани озод қилиш, гаровдагиларни қутқариш ҳамда оролга десант тушириб, шартли террорчилар базасини йўқ қилиш сценарийлари намойиш этилган.

Озарбойжон Мудофаа вазирлигига кўра, машғулотларнинг асосий мақсади иштирокчи давлатлар армиялари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, ҳарбийларнинг амалий кўникмаларини ошириш, тажриба алмашиш ва дўстона алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат.

Ўзбекистон ва Озарбойжон 2027 йил режасини имзолади

Қўшма машғулотлар фонида Ўзбекистон ва Озарбойжон мудофаа вазирликлари ўртасида 2027 йилга мўлжалланган икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик режаси ҳам имзоланди. Ҳужжат Шухрат Холмухамедовнинг Зокир Ҳасанов билан учрашувида қабул қилинди.

Teglar

Mavzuga oid