Logo

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида преференциал савдо битими имзоланади

Томонлар савдо алоқаларини кенгайтириш орқали икки давлат ўртасидаги товар айирбошлашни яқин йилларда кескин оширишни мақсад қилган.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида преференциал савдо битими имзоланади © Videodan kadr

Аввалроқ 30-август куни Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ўртасида музокаралар бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Шоҳруҳ Ғуломовнинг Ўзбекистон 24 телеканалига маълум қилишича, учрашувларда ҳамкорликнинг ҳар бир йўналиши учун алоҳида дастурлар тайёрлаш ва уларни ягона қўшма “йўл харитаси”га жамлаш бўйича келишувга эришилган.

Томонлар олдидаги асосий мақсадлардан бири яқин 4–5 йил ичида икки давлат ўртасидаги савдо айланмасини $5 млрдга олиб чиқиш ҳисобланади. 2025 йилда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо ҳажми $1,3 млрдни ташкил этган. 2026 йилнинг январь–июль ойларида эса бу кўрсаткич $700 млнга яқинлашган.

Савдо ҳажмини ошириш мақсадида мамлакатлар ўртасида ўзаро преференциал савдони рағбатлантиришга қаратилган битимни имзолаш режалаштирилмоқда.

“Ушбу битим лойиҳаси ҳозирги кунда ишлаб чиқилган бўлиб, биз маркетинг тадқиқотини бошладик ва икки-уч ойда уни тугатиб, давлатимиз раҳбарига таклифларни киритамиз”, — деди Ғуломов.

Инвестиция соҳасида эса айни пайтда Ўзбекистонда Ҳиндистон капитали иштирокидаги 400 дан ортиқ корхона фаолият юритаётгани таъкидланди. Музокаралар давомида ҳамкорликнинг турли йўналишлари бўйича аниқ лойиҳалар ҳам муҳокама қилинган.

Ғуломов ташриф доирасидаги музокараларда, айниқса, технологик ҳамкорликка катта эътибор қаратилганини қайд этди. Томонлар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон–Ҳиндистон ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқишга келишиб олган.

Teglar

Mavzuga oid