Logo

Ўзбекистон ва Қирғизистон савдо айланмасини 2 млрд долларга етказмоқчи

Сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 10 баробарга ошиб, ўтган йил якуни билан 1,2 млрд долларга етди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон савдо айланмасини 2 млрд долларга етказмоқчи © president.uz

Қирғизистон ва Ўзбекистон президентлари Садир Жапаров ва Шавкат Мирзиёев Чўлпонота шаҳрида яккама-якка ва кенгайтирилган музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувдан маълум бўлишича, ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш вазифасидан келиб чиқиб, яқин фурсатда импорт ўрнини фаол босиш асосида ўзаро маҳсулот етказиб бериш ҳажмларини ошириш чоралари кўрилади. Шунингдек, икки давлат пойтахтларида савдо уйлари ва ваколатхоналари очилади.

Устувор йўналишларда саноат кооперациясини чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бунда энергетика, геология, муҳим минераллар, логистика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик стратегик йўналиш сифатида белгиланди. «Қамбарота ГЭС-1» қурилиши лойиҳаси бўйича битимни имкон қадар тезроқ имзолаб, уни амалий босқичга ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

«Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темирйўлини қуриш бўйича амалга оширилаётган йирик лойиҳанинг жорий ҳолати юзасидан фикр алмашилди.

Транспорт соҳасида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш мақсадида мазкур темирйўл бўйлаб чегараолди ва савдо-логистика инфратузилмасини ривожлантириш, рухсат бериш тартиб-таомилларини рақамлаштириш, автоташувчилар учун қулай шароитлар яратишга келишиб олинди.

Маълумот учун, сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 10 баробарга ошиб, ўтган йил якуни билан 1,2 миллиард долларга етди. 450 та қўшма корхона ташкил этилди.

Айни пайтда президент Шавкат Мирзиёев рафиқаси Зироат Мирзиёева билан қўшни Қирғизистонда бўлиб турибди. Давлат ташрифи доирасида президент Мирзиёев Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг норасмий Маслаҳат учрашувида ҳам иштирок этади. Ушбу мулоқот минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш, хавфсизлик, иқтисодиёт, транспорт, энергетика ва ўзаро манфаатли шерикликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун муҳим майдон бўлиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Қирғизистонга йирик бизнес таклифларини берганди.

Teglar

Mavzuga oid