Logo

Ўзбекистонда бизнес бошлаш қоидалари ўзгармоқда

Bugun 20:241 daqiqa

Адлия вазирлигига кўра, Ўзбекистонда лицензия олмасдан 3 ой давомида тадбиркорлик қилиш мумкин бўлади.

Ўзбекистонда бизнес бошлаш қоидалари ўзгармоқда

Қонун билан «Бизнесга лицензиясиз кириш» махсус режими жорий этилмоқда. Унга кўра, талабгор айрим лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олмасдан туриб, фаолиятини бошлаши мумкин бўлади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, бунинг учун фаолият бошлангани ҳақида махсус электрон тизим ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ваколатли органга бепул хабар бериш талаб этилади.

Режимнинг амал қилиш муддати 3 ой бўлиб, ушбу муддат давомида талабгор муайян фаолиятни (ҳаракатни) лицензиясиз ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатсиз амалга оширганлик учун жавобгарликка тортилмайди.

Уч ойлик имконият

Талабгор «Бизнесга лицензиясиз кириш» махсус режимининг амал қилиш муддати давомида:
 
▪️ ўз фаолиятини лицензия ёки рухсат бериш талабларига ва шартларига мувофиқлаштириш чораларини кўради;
 
▪️ тегишли лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни белгиланган тартибда олади ёхуд мазкур фаолиятни (ҳаракатларни) тугатади.

Архивлар учун янги муддат

Қонун билан ҳужжатларни сақлаш муддатларига оид янги қоидалар ҳам белгиланди. Хусусан, махфий ҳужжатлар 30 йил сақланиши белгиланган.

Шунингдек, шахсий таркиб бўйича ҳужжатларни сақлаш муддатлари белгиланди. Унга кўра:
 
2019 йил 1 январгача иш юритуви якунланган шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар идоравий архивларда 75 йил мобайнида сақланади.
 
2019 йил 1 январдан эътиборан шакллантирилган шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар идоравий архивларда 50 йил мобайнида сақланади.

Teglar

Mavzuga oid