Logo

Ўзбекистонда газ қазиб олиш 10 йилда 14 фоизга камайди, истеъмол эса 53 фоизга ошди — «Eni»

08.11.2026 | 21:282 daqiqa

«Eni» ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда газ истеъмоли 10 йилда 53 фоизга, нефть истеъмоли 75 фоизга ошди. Газ қазиб олиш эса 14 фоизга камайди.

Ўзбекистонда газ қазиб олиш 10 йилда 14 фоизга камайди, истеъмол эса 53 фоизга ошди — «Eni» © AP

Ўзбекистонда сўнгги ўн йил ичида табиий газ истеъмоли 53 фоизга ошди, қазиб олиш ҳажми эса 14 фоизга камайди. Натижада мамлакат Марказий Осиёдаги энг йирик газ импортчисига айланди. Бу ҳақда Италиянинг Eni энергетика компанияси томонидан эълон қилинган «World Energy Review 2026» ҳисоботида маълум қилинди.

Ҳужжатга кўра, 2015 йилда Ўзбекистонда 46,55 миллиард куб метр газ қазиб олинган ва ички истеъмол 35,4 миллиард куб метрни ташкил этган. Бироқ 2025 йилга келиб вазият кескин ўзгарди: қазиб олиш ҳажми 40,16 миллиард куб метргача пасайган, истеъмол эса 54,32 миллиард куб метрга етган. Оқибатда истеъмол қазиб олишдан 14,16 миллиард куб метрга ошиб кетган.

Маълумотларга кўра, 2025 йилда Ўзбекистон 19,88 миллиард куб метр табиий газ импорт қилган ва 5,72 миллиард куб метр экспорт қилган. Таққослаш учун, 2015 йилда экспорт ҳажми 10,22 миллиард куб метрни ташкил қилган эди. Шу тариқа, Ўзбекистон 2025 йилда Марказий Осиё газ импортининг тахминан 76 фоизини ўзлаштириб, минтақадаги энг йирик газ истеъмолчиси ва импортчисига айланди.

Истеъмолнинг ўсиши фақат аҳоли сонининг кўпайиши (30,7 миллиондан 37,1 миллионгача) билан эмас, балки аҳоли жон бошига ҳисобланган газ сарфининг йилига 1151 куб метрдан 1466 куб метргача ошиши билан ҳам изоҳланган.


Нефть истеъмоли ва қайта тикланувчи энергиянинг ўсиши

Газ билан бир қаторда нефть ва нефть маҳсулотларига бўлган талаб ҳам кескин ўсган. 2015 йилда кунлик нефть истеъмоли 84 минг баррелни ташкил этган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 75 фоизга ўсиб, 147 минг баррелга етди. Бу даврда нефть қазиб олиш ҳажми эса кунига 66 минг баррелдан 81 минг баррелгача (23 фоизга) ошган. Натижада, 2015 йилда ички қазиб олиш истеъмолнинг 79 фоизини қоплаган бўлса, 2025 йилга келиб бу нисбат 55 фоизгача пасайиб кетди.

Шу билан бирга, ҳисоботда Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари қуввати ҳам жадал ўсаётгани қайд этилган. Хусусан, 2025 йилда қуёш электр станцияларининг умумий ўрнатилган қуввати 2024 йилга нисбатан 86 фоизга кўпайиб, 5934 МВтга етган. Шамол электр станцияларининг қуввати эса 501 МВтдан 1652 МВтгача ошди. Умумий ҳисобда қуёш ва шамол станцияларининг қуввати бир йил ичида икки баравардан кўпроққа ўсиб, 7586 МВтни ташкил қилди.

Teglar

Mavzuga oid