Logo

Ўзбекистонда инфляция 6,5 фоизга етди: октябрда қайси маҳсулотлар қимматлади?

Bugun 10:485 daqiqa

Октябр ойида Ўзбекистонда гўшт, тухум ва сабзавотлар қимматлади. Жамоат транспорти ҳамда коммунал тарифларнинг ошиши ҳам нархлар ўсишини тезлаштирди. Натижада ўтган ойда истеъмол нархлари ўртача 0,6 фоизга кўтарилди.

Ўзбекистонда инфляция 6,5 фоизга етди: октябрда қайси маҳсулотлар қимматлади? © SI asosida yaratilgan

Йиллик ҳисобда нархлар ўсиши сентябрдаги 6,4 фоиздан 6,5 фоизга тезлашди. Бу ўтган йилнинг шу даврида 7,8 фоиз эди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълумотларида келтирилган.

Йилнинг иккинчи ярмида озиқ-овқат маҳсулотлари 3,9 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари эса 4,9 фоизга қимматлашди. Шунингдек, хизматлар бўйича ойлик кўрсаткич 6,3 фоизга ўсган.

Таққослаш учун, 2025-йилнинг январ–октябр ойларида бу кўрсаткич 12,7 фоизни ташкил этган. Йиллик ҳисобда эса хизматлар инфляцияси 14,4 фоиздан 7,3 фоизга пасайди.

Озиқ-овқат нархлари қандай ўзгарди?

Октябр ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ўртача 1 фоизга ошди. Йил бошидан буён бу турдаги маҳсулотлар 3,9 фоизга, ўтган йилнинг октябрига нисбатан эса 6,4 фоизга қимматлашган.

Мева-сабзавотлар нархи эса турлича ўзгарди. Мевалар 7,5 фоизгача арзонлашган бўлса, сабзавотларнинг асосий турларида нархлар кўтарилди. Хусусан, бақлажон ва бодринг 9 фоизга, помидор 8,8 фоизга, картошка 5,3 фоизга қимматлади.

Йиллик ҳисобда гўшт маҳсулотлари нархининг ўсиши юқорилигича қолмоқда. Қўй гўшти 19,5 фоизга, суякли мол гўшти 15,6 фоизга, қийма 14,8 фоизга ва тухум 12,7 фоизга ошган.

Йиллик ноозиқ-овқат инфляцияси 1,2 фоизга тезлашди

Октябр ойида ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи озиқ-овқат маҳсулотларига қараганда анча секин ошди. Бир ойда бу турдаги товарлар ўртача 0,2 фоизга, йил бошидан буён 4,9 фоизга қимматлашди. Ноозиқ-овқат маҳсулотларининг йиллик инфляцияси 5,6 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг январ–октябр ойларига нисбатан 1,2 фоизга тезлашди.

Октябр ойида хизматлар нархи қанча бўлди?

Октябр ойида хизматлар нархи ўртача 0,6 фоизга ошди. Бунда, асосан, коммунал хизматлар ва транспорт тарифларининг қимматлашиши таъсир кўрсатди.

Йил бошидан буён хизматлар нархи 6,3 фоизга кўтарилди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги 12,7 фоизлик ўсишдан қарийб икки баробар паст дегани. Йиллик хизматлар инфляцияси ҳам 14,4 фоиздан 7,3 фоизгача секинлашди.

Ёқилғи нархлари. Транспорт харажатларига таъсир қилувчи омиллардан бири ёқилғи нархларидаги ўзгаришлар бўлди. Октябр ойида бензин ўртача 1 фоизга, пропан 0,4 фоизга қимматлашди. Метан нархи эса ўзгаришсиз қолди.

Yoqilg‘i turi

Narx o‘zgarishi

AI-92 benzini

+0,5%

AI-95 benzini

+2,6%

AI-98 benzini

+5,3%

AI-100 benzini

+5,3%

Propan

+44,7%

Metan

+10,0%

Ёқилғи маркалари кесимида AI-92 бензини 0,5 фоизга, AI-95 бензини 2,6 фоизга, AI-98 ва AI-100 маркалари эса 5,3 фоизга қимматлашган. Ўтган йилнинг октябр ойига нисбатан эса газ ёқилғилари нархи анча ошди. Хусусан, пропан 44,7 фоизга қимматлаган бўлса, метан 10 фоизга қимматлашган.

Транспорт хизматларида нархлар ошишига, аввало, Тошкентдаги жамоат транспорти тарифларининг янгиланиши таъсир қилди. Октябр ойида метрода йўл ҳақи 26,1 фоизга қимматлади. Автобусларда йўловчи ташиш хизматлари нархи эса республика бўйича ўртача 7,1 фоизга ошди. Ваҳоланки, жамоат транспорти нархлари 47 фоизга ошганди.

Бошқа транспорт хизматларида ҳам нархлар кўтарилди. Жумладан, такси хизматлари 1,3 фоизга, шаҳар атрофи поездларида йўл ҳақи 1,4 фоизга, узоқ масофали поезд чипталари 0,6 фоизга ошган.

Ички авиақатновлар нархи 1,4 фоизга арзонлашди. Бунга еврога нисбатан сўмнинг мустаҳкамланиши ва тарифларнинг қайта кўриб чиқилиши таъсир кўрсатди. Хусусан, 16-октябрдан «Uzbekistan Airways» ички йўналишлардаги чипталарни 20 фоизгача арзонлаштирди.

Халқаро йўналишларда эса ёқилғи йиғимлари ошгани сабабли чипталар нархи 0,7 фоизга кўтарилди.

Коммунал хизматлар. Октябр ойида коммунал хизматлар нархининг ошишига, асосан, совуқ сув таъминоти ва канализация тарифларининг қайта кўриб чиқилиши ҳам таъсир кўрсатди. Навоий, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида тарифлар оширилиши натижасида республика бўйича сув таъминоти ва канализация хизматлари ўртача 4,7 фоизга қимматлашди. Йиллик ҳисобда бу хизматлар нархининг ўсиши 7,7 фоизни ташкил этди.

Бундан ташқари, ой давомида кўмирнинг бозор нархи 0,3 фоизга, ўтин нархи эса 0,5 фоизга ошган.

Таълим хизматлари. Октябр ойида таълим соҳасидаги хизматлар нархи ўртача 0,4 фоизга ошди. Йил бошидан буён бу йўналишдаги нархлар 5,2 фоизга, ўтган йилнинг октябр ойига нисбатан эса 5,6 фоизга қимматлади.

Нархлар ўсиши, асосан, нодавлат таълим муассасалари ва қўшимча таълим хизматларида кузатилди. Хусусан, нодавлат боғчаларда тўловлар 0,6 фоизга, хусусий мактабларда 0,5 фоизга, нодавлат олий таълим муассасаларида 0,1 фоизга ошди. Давлат таълим муассасаларида эса нархлар ўзгармади.

Қўшимча таълим хизматлари орасида репетиторлик нархи 1,6 фоизга, чет тилларини ўрганиш курслари 0,8 фоизга қимматлади.

Ҳайдовчиларни тайёрлаш курслари, автомобил бошқариш дарслари, имтиҳонлар ва гувоҳнома олиш билан боғлиқ хизматлар нархи ҳам ой давомида 0,8 фоизга ошди. Бу хизматларнинг йиллик қимматлашиши 7,5 фоизни ташкил этди.

Шу тариқа, таълим хизматларидаги ўсиш фақат мактаб ва олий таълим тўловлари билан чекланмай, турли касбий ва қўшимча ўқув хизматларида ҳам кузатилди.

Қайси ҳудудда инфляция юқори бўлди?

Октябр ойида ҳудудларда ойлик инфляция кўрсаткичлари бир-биридан катта фарқ қилмади. Тошкент шаҳрида нархлар бир ойда 0,9 фоизга қимматлашди.

Самарқанд вилоятида бу кўрсаткич 0,8 фоиз, Тошкент ва Навоий вилоятларида 0,7 фоиз бўлди. Қолган ҳудудларда эса ойлик инфляция 0,5–0,6 фоиз атрофида қайд этилди.

Йиллик кўрсаткичларда ҳудудлар ўртасидаги фарқ бироз каттароқ. Тошкент шаҳрида нархлар ўтган йилнинг октябрига нисбатан 7,4 фоизга ошган. Бу республика бўйича ўртача кўрсаткичдан 0,9 фоиз банд юқори. Самарқандда йиллик инфляция 6,7 фоиз, Фарғонада 6,6 фоиз бўлган.

Энг паст йиллик инфляция Сирдарё вилоятида кузатилди — 5,5 фоиз. Бухорода нархлар 5,9 фоизга, Қорақалпоғистонда 6 фоизга ошган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2027–2029-йилларда асосий ставкани бир хонали даражагача тушириш имкониятини кўриб чиқаётганини билдирган эди.

Регулятор раиси ўринбосари Нодирбек Очиловнинг айтишича, бунинг учун инфляция барқарор пасайиб, мақсадли 5 фоизга яқинлашиши, аҳоли ва тадбиркорларнинг нархлар ошишига оид кутилмалари ҳам камайиши керак.

Марказий банк прогнозига кўра, инфляция 2027-йилнинг иккинчи ярмида 5 фоизга яқинлашади, 2028–2029-йилларда эса шу даражада барқарорлашади. Бироқ асосий ставкани қачон пасайтириш бўйича ҳозирча аниқ муддат белгиланмаган.

Teglar

Mavzuga oid