Logo

Ўзбекистонда капитал бозори учун янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди

Bugun 14:314 daqiqa

Лойиҳа 16 боб ва 123 моддадан иборат бўлиб, унда опцион, своп, фьючерс, форвард ва сукук каби янги молиявий воситаларни жорий этиш, 2030 йилгача фонд бозорига 10 трлн сўм инвестиция жалб қилиш ва инвесторларга айрим солиқ имтиёзларини бериш кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистонда капитал бозори учун янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди

Ўзбекистонда капитал бозорини замонавий молиявий воситалар ва халқаро стандартлар асосида ривожлантиришга қаратилган «Капитал бозори тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда 12 август куни Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигида лойиҳага бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди, деб хабар бермоқда Vaqt.uz мухбири.

Қонун лойиҳаси 16 боб ва 123 моддадан иборат. У 2015 йилдаги «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги қонун нормаларини замонавий бозор талаблари асосида қайта тайёрланган.

Лойиҳа Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, БМТ Тараққиёт дастури, Қимматли қоғозлар комиссиялари бўйича халқаро ташкилот (IOSCO), АҚШ Савдо вазирлиги ҳамда АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси (SEC) билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.

Капитал бозорига янги молиявий воситалар киритилади

Қонун лойиҳасида капитал бозорида фойдаланиш мумкин бўлган молиявий воситалар доирасини кенгайтириш таклиф этилмоқда.

Жумладан, опцион, своп, фьючерс, форвард ва нархлар фарқи шартномалари, шунингдек, қопланган облигациялар, секьюритизацияланган облигациялар, барқарор ривожланиш облигациялари ва ислом молияси тамойилларига мувофиқ сукук қимматли қоғозларини чиқариш ва муомалага киритишнинг ҳуқуқий механизмлари белгиланмоқда.

Капитал бозорини тартибга солиш бошқармаси бошлиғи Саулат Торешовнинг таъкидлашича, янги воситалар инвесторларга рискларни бошқариш ва инвестиция портфелини диверсификация қилиш учун қўшимча имкониятлар беради.

Замонавий молиявий воситаларни жорий этиш орқали 2030 йилга қадар фонд бозорига 10 трлн сўм миқдорида инвестиция жалб қилиш режалаштирилган.

Шу билан бирга, узоқ муддатли институционал ва хусусий инвесторларни жалб қилиш учун айрим солиқ имтиёзлари ҳам таклиф этилмоқда. Хусусан, айрим инвестиция фондлари даромадлари, қопланган ва секьюритизацияланган облигациялар бўйича айрим операцияларни солиққа тортишдан озод қилиш, шунингдек, 2038 йилгача хўжалик жамиятлари облигациялари ва сукук қимматли қоғозлари бўйича айрим даромадларга солиқ имтиёзлари бериш кўзда тутилган.

ILMA

Сукук учун алоҳида ҳуқуқий механизм яратилади

Қонун лойиҳасида ислом молияси тамойилларига мувофиқ сукук қимматли қоғозларини жорий этилиб, унда сукукнинг ҳуқуқий хусусиятлари, уларни чиқариш ва муомалага киритиш механизмлари белгилаб берилади. Шунингдек, сукукнинг асосий турлари — шерикчилик, ижара, савдо ва агентлик сукуклари ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинади.

Инвесторлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун сукук эгалари вакили институти ҳамда сукук операцияларининг ислом молияси стандартларига мувофиқлигини тасдиқлаш механизмини жорий этиш таклиф этилмоқда.

Капитал бозори инфратузилмаси ўзгаради

Лойиҳада бозорнинг профессионал инфратузилмасини халқаро стандартларга мослаштиришга ҳам катта эътибор берилган.

Жумладан:

●     кастодиан фаолиятини лицензиялаш;

●     рейтинг агентликлари, бошқарув компаниялари ва инвестиция фаолиятини амалга оширувчи фондлар фаолиятини рухсатнома асосида тартибга солиш;

●     марказий контрагент институтини жорий этиш;

●     ўзини ўзи тартибга солувчи ташкилотлар институтини ташкил этиш;

●     облигация эгалари вакили институтини жорий қилиш;

●     инвесторларни, жумладан, «малакали инвесторлар»ни тоифалаш;

●     Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг ваколатларини кенгайтириш назарда тутилмоқда.

Агентлик вакилларининг таъкидлашича, бу ўзгаришлар капитал бозори инфратузилмасини халқаро стандартларга мослаштириш, хорижий инвесторлар учун бозорнинг шаффофлиги ва ишончлилигини оширишга хизмат қилиши керак.

Регуляторнинг ваколатлари кенгайтирилади

Қонун лойиҳасида капитал бозорини давлат томонидан тартибга солиш ва назорат қилиш тизимини IOSCO стандартларига мувофиқлаштириш ҳам назарда тутилган.

Ваколатли органнинг назорат ваколатларини кенгайтириш, қонунбузарликлар аниқланган ҳолларда молиявий санкцияларни мустақил қўллаш, шунингдек қонунда белгиланган ҳолларда банк сирини ташкил этувчи маълумотларни олиш имкониятини яратиш таклиф этилмоқда.

Бу чоралар капитал бозоридаги қоидабузарликларнинг олдини олиш ва уларга ўз вақтида чора кўриш самарадорлигини оширишга қаратилган.

Халқаро капитал бозорларига чиқишга йўл очилади

Янги қонун лойиҳасида Ўзбекистон ҳудудида халқаро молия институтларининг облигацияларини чиқариш имкониятини қонунчилик даражасида мустаҳкамлаш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, маҳаллий компанияларнинг хорижий капитал бозорларига чиқиши учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилади.

Агентлик ҳисоб-китобларига кўра, капитал бозоридаги ўсиш янги қонунчилик базасига бўлган эҳтиёжни кучайтирган. Акциялар эмиссияси ҳажми 2023 йилдаги 189,7 трлн сўмдан 2025 йилда 265,1 трлн сўмга, 2026 йил 1 июль ҳолатига эса 269,4 трлн сўмга етган.

Корпоратив облигациялар эмиссияси ҳам 2023 йилдаги 1,06 трлн сўмдан 2025 йилда 3,93 трлн сўмга ошган. 2026 йил 1 июль ҳолатига бу кўрсаткич 7 трлн сўмдан ошган.

Фонд биржасидаги умумий савдолар ҳажми эса 2023 йилдаги 2,9 трлн сўмдан 2025 йил якунида 17,6 трлн сўмга етган. Яъни қарийб олти баробар ўсиш қайд этилган.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбекистонда капитал бозори учун янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди | Vaqt.uz