Ўзбекистонда мактаблар учун янгиланган Миллий ўқув дастури қабул қилинди
У Ислом тараққиёт банки, Араб мувофиқлаштириш гуруҳи ва Таълим соҳасидаги Глобал ҳамкорлик ташкилоти томонидан молиялаштирилаёйган SmartED лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган.
© Maktabgacha va maktab ta'limi vazirligiЎзбекистон мактаблари учун қайта кўриб чиқилган Миллий ўқув дастури 18-август куни тақдим этилди. Бу ҳақда UNICEF’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хабар берди.
Дастур Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази томонидан БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF) кўмагида SmartED лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган. Уни амалга ошириш Cambridge University Press and Assessment билан биргаликда олиб борилади. SmartED лойиҳасини Ислом тараққиёт банки, Араб мувофиқлаштириш гуруҳи ва Таълим соҳасидаги Глобал ҳамкорлик ташкилоти томонидан молиялаштирилмоқда.
БМТ Болалар жамғармасининг ёзишича, такомиллаштирилган Миллий ўқув дастурида барча ўқувчилар учун аниқ ўқув мақсадлари белгиланган бўлиб, улар халқаро миқёсда юқори таълим натижаларига эга таълим тизимлари стандартлари билан янада уйғунлаштирилган. Ислоҳотнинг муҳим мақсадларидан бири бошланғич, таянч ўрта ва юқори ўрта таълим босқичларида ўқувчиларнинг таълим натижаларини изчил ошириш ҳамда халқаро миқёсда тан олинган чуқурлаштирилган дастур (А Level) стандартларига қиёсланадиган натижаларга эришиш учун зарур таълим йўналишларини шакллантиришдан иборат.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Каримовнинг айтишича, такомиллаштирилган ўқув дастурлари самарали дарс жараёнини ташкил этиш, форматив баҳолашни кенг қўллаш, инклюзивлик ва гендер тенглигини таъминлаш, шунингдек, ҳар бир ўқувчидан юқори натижалар кутиладиган таълим муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
«Таълим мазмунини такомиллаштиришга қаратилган мазкур ислоҳот таълим тизимини кенг кўламли трансформация қилиш жараёнининг таркибий қисми бўлиб, у баҳолаш тизимини такомиллаштириш, ўқув жараёни сифатини ошириш, дарсликлар ва ўқув-методик материалларни яхшилаш каби йўналишларни ҳам қамраб олади», — дейди у.
Қарийб икки йил давомида 147 нафар маҳаллий ва 30 нафар халқаро экспертлар томонидан такомиллаштирилган ўқув дастури 260 дан ортиқ ишчи учрашув ва маслаҳатлашувларни ўз ичига олган.
Такомиллаштирилган Миллий ўқув дастури тўлиқ амалиётга жорий этилгач, унинг таъсир кўлами катта бўлиб, қарийб 7 миллион ўқувчини қамраб олиши кутилмоқда.
«Дастур ўқувчиларнинг ақлий, ижтимоий ва эмоционал ривожланишини қўллаб-қувватлайди, уларни жадал ўзгариб бораётган дунёда мустақил ҳаёт кечиришга ҳамда замонавий меҳнат бозорининг тобора ортиб бораётган талабларига тайёрлашга хизмат қилади», — дейилади хабарда.





