Logo

Ўзбекистонда меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонликка қарши ягона рақамли тизим жорий этилмоқда

Bugun 16:052 daqiqa

Устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ташкилотларда дастур мажбурий тарзда босқичма-босқич жорий этилади, нодавлат сектор эса «dmi.mehnat.uz» тизими орқали ушбу имкониятлардан ихтиёрий равишда фойдаланиши мумкин бўлади.

Ўзбекистонда меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонликка қарши ягона рақамли тизим жорий этилмоқда © Sun'iy intelekt

2026-йил 21-сентябр куни «Меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан иш жойларида шаҳвоний шилқимлик, руҳий босим, тазйиқ ва камситиш ҳолатларига чек қўйиш, фуқароларнинг шахсий маълумотларини тўлиқ ҳимоя қилган ҳолда мурожаатларни холисона кўриб чиқишнинг яхлит тизими йўлга қўйилмоқда.

Қарорга кўра, давлат органлари ва ташкилотларида, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларда ҳамда устав капиталида ушбу юридик шахсларнинг улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларда, шунингдек, мулкчилик шаклидан қатъи назар бошқа корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш дастури босқичма-босқич жорий этилади.

2026-йил 1-декабрга қадар давлат ташкилотлари учун «Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити» ахборот портали ишга туширилади. Агар шикоят раҳбар устидан берилса, тизим уни автоматик тарзда юқори турувчи органга юборади, ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлганда эса мурожаатлар «112» диспетчерлик хизмати орқали ваколатли органларга йўналтирилади.

Бундан ташқари, ташкилотларнинг ички меҳнат тартиби қоидалари доирасида жинсий ёки жисмоний зўравонлик, шаҳвоний шилқимлик ҳолатлари меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол бузиш сифатида баҳоланиши белгиланмоқда.

Мурожаатлар ва текширувлар билан боғлиқ барча маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш бўйича шахсий жавобгарлик раҳбарлар зиммасига юклатилади.

Эслатиб ўтамиз, Vaqt.uz аввалроқ одамларни камбағаллик ва қашшоқликдан чиқариш учун нималар қилиш кераклиги ҳақида материал тайёрлаганди. Унда нега 10 миллион сўм оладиган ишчи 100 миллион сўм топадиган бойдан кўпроқ солиқ тўлаши, нега тарқатилаётган микрокредитлар одамларни бой қилиш ўрнига, аксинча қарз ботқоғига ботираётгани ҳақида сўз боради.

Teglar

Mavzuga oid