Ўзбекистонда янги муҳандислик ва таълим марказлари очилади
Президент Мирзиёев таълим тизимини ривожлантириш тақдимоти билан танишиб, боғчалар қамровини ошириш, муҳандислик мактаблари очиш ва педагоглар учун янги давлат стипендиясини жорий этишга кўрсатма берди.

8 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев таълим тизимини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди. Унда мактабгача таълимдан тортиб олий ва илмий даражаларгача қамраб олган янги ташаббуслар илгари сурилди.
Ёшларнинг иқтидори ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Баркамол авлод» болалар мактаби, Республика ўқувчи-ёшлар маркази ҳамда «Ёшлик» спорт жамияти негизида «Келажак» марказлари ташкил этилади. Шунингдек, мактабларда ўқувчилар ташаббусини йўналтириш учун маслаҳатчи лавозими жорий қилинади.
Мактабгача таълим қамровини кенгайтириш учун янги уйлар қурилишида аҳоли сонига мутаносиб боғчалар барпо этилиши назарда тутилмоқда. Боғчаларда ишлаётган мутахассислар учун дуал таълим ва малака ошириш тизими йўлга қўйилади. Шу билан бирга, хусусий сектор иштирокига кенг йўл очилади — тадбиркорларга ер участкалари бепул берилиб, имтиёзли кредит ажратилади. 2026–2028 йилларда 14 ҳудудда «Янги авлод» мактабгача таълим ташкилотлари тармоғи фаолият бошлайди.
Техника ва муҳандислик йўналишини ривожлантириш мақсадида ихтисослаштирилган мактаблар очилади. Уларда ўқувчилар саралаб олиниб, давлат бюджети ҳисобидан ўқитилади. Дарс жараёни STEM модели асосида ташкил қилинади. 2026 йилдан бошлаб Президент соврини учун «Илғор муҳандислик мактаби» миллий танлови ўтказилади. Шунингдек, Тошкентда Н.Э.Бауман номидаги Москва давлат техника университети филиали, «ToshTech» техника университети ва Олмалиқ давлат техника институти очилиши режалаштирилган.
Олий таълим муассасаларида ўқитувчиликка қизиққан ёшлар учун илк бор Абдулла Авлоний номидаги давлат стипендияси таъсис этилмоқда. Стипендия бакалавриатнинг 3–4 курс талабаларига берилади.
Шунингдек, фан ва инновация соҳасида ҳам қатор ислоҳотлар кўзда тутилган. Докторантура квоталари мамлакат ривожланиш устувор йўналишларига мос равишда белгиланади. Фанлар академиясининг илмий тадқиқотларни амалиётга татбиқ этишдаги ўрни янада кучайтирилади.
Президент билдирилган таклифларни маъқуллаб, тегишли ҳужжатларни имзолади ва уларни тизимли ҳамда сифатли амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берди.





