Ўзбекистонда «Ёш эколог» кўкрак нишони жорий этилади
2026 йилдан Ўзбекистонда экологик таълим ва тарғиботни кучайтириш мақсадида «Ёш эколог» кўкрак нишони жорий этилиб, қатор янги лойиҳалар амалга оширилади.

«Эко-маданият» умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни жадаллаштиришга оид комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори (ПҚ–110-сон, 25.03.2026 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2026 йилдан бошлаб олий таълим ташкилотлари томонидан яшил кампус лойиҳалари ишлаб чиқилади. Ушбу лойиҳалар Экология қўмитаси билан келишилган ҳолда амалга оширилиб, таълим муассасаларида экологик муҳитни яхшилашга хизмат қилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 майдан «10 минг қадам пиёда» тажрибаси қайта тикланади. Бу ташаббус аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган бўлиб, уни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Соғлом турмуш тарзи» платформаси ҳам ишга туширилади.
Қарорнинг муҳим жиҳатларидан бири — «Ёш эколог» кўкрак нишони таъсис этилишидир. Ушбу мукофот ёшларни экологик фаолликка жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Нишон уч даражада берилади. Жумладан, мактаб ўқувчилари учун III даражали, техникум ва олий таълим муассасалари талабалари учун II даражали ҳамда халқаро ва маҳаллий миқёсда юқори натижаларга эришган ёшлар учун I даражали «Ёш эколог» нишони жорий этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ айнан шу қарор билан 50 минг дарахт экканларга «меценат» унвони берилиши ҳақида хабар берган эдик.





