Ўзбекистондаги хорижий талабаларнинг ярмидан кўпини ҳиндистонликлар ташкил этади
2025-йил ҳолатига мамлакатда 24 647 нафар хорижий талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг асосий қисми тиббиёт йўналишида ўқийди.

Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги Ўзбекистон олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган хорижий талабалар бўйича таҳлилни эълон қилди.
Унга кўра, 2025-йил ҳолатига мамлакатда 24 647 нафар хорижий талаба таҳсил олмоқда. Контингент 50 дан ортиқ давлат фуқароларидан шаклланган бўлса-да, асосий оқим бир неча мамлакат ҳиссасига тўғри келади.
Энг катта улуш Ҳиндистон фуқароларига тегишли бўлиб, уларнинг сони 13 060 нафарни ташкил этади. Кейинги ўринларда Туркманистондан 4 884 нафар, Покистондан 1 165 нафар ва Қозоғистондан 1 129 нафар талаба қайд этилган.
Ҳудудлар бўйича
Хорижий талабаларнинг 11 556 нафари ёки 46,9 фоизи Тошкент шаҳрида таҳсил олмоқда. Самарқандда 4 382 нафар, Бухорода 2 879 нафар, Фарғонада 1 809 нафар, Андижонда 1 495 нафар ва Хоразмда 1 407 нафар хорижий талаба ўқийди.
Ушбу олти ҳудуд ҳиссасига жами хорижий талабаларнинг 95,5 фоизи ёки 23 528 нафари тўғри келади. Қолган ҳудудларда уларнинг сони анча кам.
Шу билан бирга, энг кўп хорижий талаба таҳсил олаётган 10 та олий таълим ташкилотида 20 200 нафар талаба жамланган. Бу умумий контингентнинг қарийб 82 фоизини ташкил этади.
Тиббиёт йўналиши асосий танлов
Хорижий талабалар орасида тиббиёт йўналиши энг оммабоп соҳа бўлиб қолмоқда. Тиббиётга ихтисослашган олий таълим ташкилотларида 15 656 нафар хорижий талаба таҳсил олмоқда.
Бу тиббиёт олий таълим ташкилотларида ўқиётган барча маҳаллий ва хорижий талабаларнинг 14,32 фоизини ташкил этади.
Шунингдек, хорижий талабаларнинг 22 685 нафари ёки 92,04 фоизи давлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олмоқда. Бу хорижий талабалар асосан давлат ОТМлари ва айрим таълим муассасаларида жамланганини кўрсатади.
Талабларнинг асосий қисми ёшлар
Хорижий талабаларнинг 12 691 нафари ёки 51,5 фоизи 21–25 ёш оралиғида. 17–20 ёшдаги талабалар сони эса 8 787 нафарни ёки 35,7 фоизни ташкил этади.
Демак, хорижий талабаларнинг 87,2 фоизи 17–25 ёш оралиғига тўғри келади. 26–30 ёшдагилар 2 000 нафар, 30 ёшдан ошганлар эса жами 1 169 нафарни ташкил этган.
Гендер таркиби деярли мувозанатли: 12 101 нафар аёл ва 12 546 нафар эркак талаба қайд этилган.
Агентлик хорижий талабаларни жалб қилишни фақат тиббиёт билан чекламасдан, муҳандислик, рақамли технологиялар, иқтисодиёт, педагогика ва аграр соҳаларга ҳам кенгайтиришни тавсия қилди.
Шунингдек, инглиз тилидаги дастурлар, кўп тилли ахборот ресурслари ва хорижий талабалар учун қўллаб-қувватлаш инфратузилмасини ривожлантириш зарурлиги таъкидланган.





