Logo

Ўзбекистонликлар пулларини қайси валютада сақламоқда?

Бир йил аввал валютадаги депозитлар улуши 24 фоиз бўлган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 19 фоизга тушган.

Ўзбекистонликлар пулларини қайси валютада сақламоқда? © Ijtimoiy tarmoqlar

Марказий банк маълумотларига кўра, тижорат банкларидаги жами депозитлар 482,7 трлн сўмни ташкил этган. Бир йил аввал бу кўрсаткич 360,4 трлн сўм эди. Яъни бир йил ичида банклардаги жами депозитлар 122,3 трлн сўмга ошган.

Умумий депозитларнинг 92,7 трлн сўми хорижий валютада сақланган бўлиб, унинг улуши 19 фоизни ташкил этган. Ўтган йилнинг мос даврида хорижий валютадаги депозитлар 86,9 трлн сўм, уларнинг улуши эса 24 фоиз эди.

Миллий валютадаги депозитлар ҳажми ўтган йили 273,5 трлн сўм бўлган, бу йил эса кўрсаткич 390 трлн сўмга етган. Бу бир йилда тахминан 42,6 фоизлик ўсиш. Хорижий валютадаги депозитлар эса шу даврда 6,6 фоизга кўпайган.

Яъни, аҳоли ва бизнес маблағларини сақлашда сўмга бўлган талаб ортиб бормоқда. Бунга сўмдаги депозитлар бўйича даромадлилик юқориги, миллий валютага ишончнинг ортиши ва иқтисодиётдаги ўзгаришлар таъсир қилаётган бўлиши мумкин.

Банк тизимидаги депозитларнинг муддатига қарасак, 1 йилгача бўлган муддатли депозитлар 175,7 трлн сўм, 1 йилдан ортиқ муддатли депозитлар эса 164,9 трлн сўмни ташкил этган. Бир йил аввал бу кўрсаткичлар мос равишда 120,5 трлн ва 133 трлн сўм эди. Сўмдаги депозитлар хорижий валютадаги депозитларга қараганда анча юқори фоиз ставкаларини таклиф қилмоқда.

Июн ойида миллий валютадаги 1 йилгача бўлган муддатли депозитларнинг ўртача ставкаси 15,4 фоиз, 1 йилдан ортиқ муддатли депозитларда эса 18,1 фоиз бўлган. Хорижий валютадаги депозитларда бу кўрсаткичлар мос равишда 3 фоиз ва 5,5 фоизни ташкил этган.

Банклардаги жамғармалар нафақат умумий ҳажм жиҳатидан, балки муддатли депозитлар ҳисобига ҳам кенгаймоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда қайси ҳудуд аҳолиси банклардан энг кўп қарз олгани ҳақида ёзган эдик. Бир йил ичида жами депозитлар 33,9 фоизга, кредитлар эса 11,9 фоизга ўсган.

Камрон Ҳасанов

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбекистонликлар пулларини қайси валютада сақламоқда? | Vaqt.uz