Ўзбекистонликларнинг даромадлари бўйича кутилмалари яхшиланмоқда — Марказий банк
Марказий банк сўровига кўра, аҳолининг 68 фоизи келгуси даврда даромадлари ошишини кутмоқда. Даромадлари камайишини кутувчилар улуши эса 7 фоизгача тушган.
© Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva2026 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг даромадлари бўйича кутилмалари ижобийлигича сақланиб қолди. Бу ҳақда Марказий банк томонидан эълон қилинган истеъмол кайфияти индекси натижаларида маълум қилинди.
Ҳисоботга кўра, даромадлар субиндекси 72,8 бандни ташкил этган. Бу кўрсаткич ўтган чоракка нисбатан 0,3 бандга, 2025 йилнинг шу даврига нисбатан эса 1,5 бандга ошган.
Марказий банк ушбу ўсишни аҳоли реал даромадларининг барқарор кўпайиши ҳамда меҳнат мигрантлари томонидан юборилаётган пул ўтказмалари ҳажмининг ортиши билан изоҳлаган.
Сўров натижаларига кўра, иштирокчиларнинг 68 фоизи келгусида даромадлари ошишини кутмоқда. Таqqослаш учун, 2025 йилнинг тўртинчи чорагида бу кўрсаткич 67 фоизни ташкил этган эди.
Респондентларнинг 25 фоизи даромадлари ҳозирги даражада сақланиб қолишини билдирган. Даромадлари қисқаришини кутувчилар улуши эса 7 фоизга тушган бўлиб, бу сўнгги йиллардаги энг паст кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.
Даромадлар ўсиши бўйича энг юқори оптимизм ойига 20 млн сўмдан ортиқ маблағ топувчи аҳоли қатламида кузатилган. Ушбу гуруҳ вакилларининг 77 фоизи келгусида даромадлари янада ортишини кутмоқда. Ўтган чоракда бу кўрсаткич 72 фоизни ташкил этган эди.

Шу билан бирга, ойига 3–5 млн сўм ва 7–10 млн сўм даромадга эга респондентлар асосан молиявий аҳволи ўзгармаслигини тахмин қилган. Даромадлар камайиши эҳтимоли ҳақидаги кутилмалар эса 10–15 млн сўм даромад олувчилар орасида бироз юқорироқ бўлган.
Сўров иштирокчиларининг 66 фоизи асосий даромад манбаи сифатида расмий иш ҳақини кўрсатган. Қолганлар орасида томорқа хўжалиги, тадбиркорлик, савдо, кунлик иш ҳақи, кўчмас мулк ижараси ва хориждан келадиган пул ўтказмалари ҳисобига яшовчилар ҳам бор.

Иқтисодиёт тармоқлари кесимида маиший хизматлар, кафе ва ресторанлар, қишлоқ хўжалиги, туризм ҳамда ишлаб чиқариш соҳаларида даромадлар ўсишига бўлган ишонч кучайган. Мутахассислар буни хизматлар бозорида талабнинг юқорилиги, туризм фаоллигининг ортиши ва иқтисодий ўсиш суръатлари билан боғламоқда.
Банк-молия, ахборот технологиялари, оммавий ахборот воситалари ва тиббиёт соҳаларида эса даромадлар ўсиши бўйича кутилмалар барқарор даражада сақланиб қолган.





