Президент «Нефтчи» академиясидаги янги шароитларни кўздан кечирди

Kecha 23:162 daqiqa

Давлат раҳбари «Нефтчи» футбол академиясидаги болалар билан нафақат самимий суҳбатлашди, балки улар билан бир майдонда тўп ҳам тепди.

Президент «Нефтчи» академиясидаги янги шароитларни кўздан кечирди © Foto: president.uz

Шавкат Мирзиёев 28 апрел куни Фарғона вилоятига ташрифи доирасида футбол ассоциацияси маркази ва «Нефтчи» болалар футбол академияси фаолияти билан танишди. Давлат раҳбари у ерда яратилган шарт-шароитларни кўздан кечириб, ёш спортчиларнинг машғулот жараёнларини кузатди.

Фарғона вилояти мамлакатдаги анъанавий футбол марказларидан бири ҳисобланади. 1962 йилда ташкил этилган «Нефтчи» клуби миллий чемпионатда олти марта ғолиб чиққан, шунингдек, мамлакат кубоги ва Суперкубокни икки мартадан қўлга киритган. Клуб 1994 йилда МДҲ кубоги финалига чиққан ва 1994–1995 йилларда Осиё чемпионлар лигасида бронза медалларини қўлга киритган.

Сўнгги йилларда ҳудудда ёш футболчиларни тайёрлаш ва мураббийлар захирасини шакллантиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда 2025 йилда «Нефтчи» клуби қошида болалар футбол академияси ташкил этилди.

Академия 4,5 гектардан ортиқ майдонда жойлашган бўлиб, 150 нафардан ортиқ тарбияланувчиларни қамраб олиш имкониятига эга. Унинг ҳудудида олтита футбол майдони барпо этилган, шунингдек, замонавий тиббий ва реабилитация ускуналари билан жиҳозланган физиотерапия бўлими фаолият юритмоқда.

Лойиҳа доирасида 1,1 миллион доллар сармоя эвазига сунъий қопламали ва ҳаво гумбазли ёпиқ футбол майдони қурилган. Бу эса йил давомида машғулотларни узлуксиз ташкил этиш имконини яратади.

Халқаро стандартлар асосида футболчиларни тайёрлаш мақсадида академияга УЕФА инструкторлари ва хорижий мутахассислар жалб этилган. Бу эса ёш истеъдодларни профессионал даражада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Ташриф давомида Президент академия инфратузилмасини янада такомиллаштириш, ёшлар спорт мактаблари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва футболни оммалаштириш бўйича қатор кўрсатмалар берди.3`

Teglar

Mavzuga oid