Logo

Президент суюлтирилган газ таъминотидаги узилишларни бартараф этиш бўйича топшириқ берди

Ўзбекистонда суюлтирилган газ таъминоти тизимини босқичма-босқич ислоҳ қилинади. Шавкат Мирзиёев тақсимотда шаффофликни таъминлаш, сунъий тақчиллик ва асоссиз нарх ошишининг олдини олиш бўйича топшириқлар берди.

Президент суюлтирилган газ таъминотидаги узилишларни бартараф этиш бўйича топшириқ берди © president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимини ислоҳ қилиш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.

Маълумотларга кўра, республикада 3,8 миллионга яқин аҳоли ҳамда қарийб 2 мингта ижтимоий соҳа объекти суюлтирилган газдан фойдаланади. Жорий йилда уларнинг эҳтиёжлари учун 604,8 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган.

Бироқ айрим ҳудудларда газ белгиланган муддатларда истеъмолчиларга етказиб берилмаяпти. Натижада аҳоли қўшимча эҳтиёжини автомобилларга газ қуйиш шохобчаларидан бозор нархларида харид қилишга мажбур бўлмоқда. Таҳлиллар 46 кундан ортиқ муддатда газ олаётган истеъмолчилар улуши 22 фоиз эканини кўрсатган.

Муаммонинг яна бир томони нарх ва харажатлар ўртасидаги тафовут билан боғлиқ. Ҳозир суюлтирилган газ аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига имтиёзли нархларда сотилади. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш, импорт, харид ва етказиб бериш харажатлари ўртасидаги фарқ ортиб, бюджет субсидияларига талабни кўпайтирмоқда.

Янги механизм таклиф қилинди

Тақдимотда суюлтирилган газ таъминотини босқичма-босқич ислоҳ қилиш таклифлари билдирилди. Аҳолига газ етказиб бериш тизимини қайта ташкил этиш учун «Ҳудудгазтаъминот» таъсисчилигида «ЛПГ-Траде» масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Янги тузилма суюлтирилган газни биржа орқали харид қилиб, белгиланган тартибда истеъмолчиларга етказиб бериши кўзда тутилмоқда. Бу чакана нархни белгилашда иқтисодий асосланган механизмларни жорий этиш ва таъминот жараёнини шаффофлаштиришга хизмат қилиши керак.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш учун харид қилинган газнинг ҳар бир килограммига компенсация тўлаш таклиф этилмоқда. Шу тариқа умумий субсидиялашган аниқ истеъмолчига йўналтирилган манзилли ёрдам тизимига ўтиш мақсад қилинган.

Ижтимоий соҳа объектларига газни биржа нархларида етказиб бериш, аҳолига эса белгиланган нархда сотиш натижасида юзага келадиган салбий тафовутни республика бюджети ҳисобидан қоплаш тартиби ҳам назарда тутилмоқда.

Хусусий операторлар жалб этилади

Ислоҳотларда хусусий сектор иштирокини кенгайтиришга ҳам эътибор қаратилди. Андижон вилоятида суюлтирилган газ етказиб бериш жараёнига хусусий операторларни жалб қилиш бўйича пилот лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

Операторларда зарур лицензия ва рухсатномалар, малакали муҳандис-техник ходимлар бўлиши талаб этилади. Хизматлар камида икки оператор томонидан кўрсатилиши, истеъмолчилар учун мобил илова ва онлайн хизматлар жорий қилиниши белгиланган.

Шохобчалар истеъмолчилар сони ва ҳудудий масофалардан келиб чиқиб, шаҳарсозлик нормалари ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқ ташкил этилади. Андижон тажрибасини кейинчалик бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич жорий этиш имконияти кўриб чиқилади.

Президент мутасаддиларга суюлтирилган газ етказиб бериш графигини қатъий йўлга қўйиш, ҳисоб-китобларни рақамлаштириш ва тақсимотда шаффофликни таъминлаш, сунъий тақчиллик ва асоссиз нарх ошишининг олдини олиш бўйича топшириқ берди.

Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга компенсацияларни ўз вақтида тўлаш, газ тўлдириш иншоотлари ва ташиш жараёнида хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиш, хусусий операторлар фаолияти устидан самарали назорат ўрнатиш вазифалари белгиланди.

Teglar

Mavzuga oid