Путин Арктика йўлига инвестиция киритишга чақирди: бу режа иш берадими?
Таҳлилчиларнинг фикрича, айрим осиёлик инвесторлар бу таклифга қизиқиш билдириши мумкин, бироқ мазкур йўналишнинг глобал денгиз савдоси учун барқарор йўлакка айланиши даргумон.
© Foto: ReutersРоссия президенти Владимир Путин Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммитидаги нутқида мамлакатнинг Арктика минтақаларига сармоя жалб этишга урғу берди. Москва ҳозирча фақат ёз ойларидагина ишлаётган Шимолий денгиз йўлида (ШДЙ) йил давомида узлуксиз кема қатновини йўлга қўйишни мақсад қилмоқда.
Россия оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Путин чоршанба куни Хитойнинг Шэнчжэн шаҳрида: «APEC иқтисодиётларининг ишбилармон доиралари ва инвесторлари Россия бозорида очилаётган имкониятларга муносиб баҳо бериб, улардан унумли фойдаланишига ишончим комил», — дея таъкидлаган.
Россия матбуотига кўра, президент таклиф этган имтиёзлар пакети фойда, мол-мулк ва ер солиқлари бўйича енгилликлар ҳамда имтиёзли ижара шартларини ўз ичига олади.
Унинг APEC саммитидаги нутқи сентябр ойида Владивостокда ўтган Шарқий иқтисодий форумдаги баёнотларининг мантиқий давоми бўлди. Ўшанда ҳам Путин Шимолий денгиз йўлида йил давомида қатновни таъминлаш, транспорт, энергетика ва технологик инфратузилмани кенгайтириш бўйича янги чоралар кўрилишини айтган эди.
Россия ўзининг шимолий портларини Тинч океани минтақаси билан боғловчи Арктика денгиз йўлагини фаол ривожлантирмоқда. Бироқ Шимолий денгиз йўлини жаҳон савдосининг муҳим артериясига айлантиришга қаратилган бу саъй-ҳаракатлар геосиёсий ва хавфсизлик муаммолари, шунингдек, Арктиканинг нозик экотизимига туғилиши мумкин бўлган экологик хатарлар борасида хавотир уйғотмоқда.
Арктика йўналиши нима ва Россия нега унга катта умид боғламоқда?
Арктика денгиз йўлаги Россиянинг шимолий қирғоқлари бўйлаб ғарбдаги Новая Земля архипелагидан шарқдаги Беринг бўғозигача қарийб 5 600 километр масофага чўзилган. Аммо ҳозирча унда фақат ёзда — музлар эриган бир неча ҳафта давомидагина кемалар қатнай олади.
Арктика орқали ўтувчи барқарор денгиз йўли бугунги кунда Яқин Шарқ инқирози сабаб қийин аҳволга тушган глобал савдога енгиллик бериши мумкин. Ушбу инқироз муҳим сув йўллари — Қизил денгиз чеккасидаги Сувайш каналига олиб борувчи Боб ал-Мандаб бўғози ва Форс кўрфазидаги Ҳўрмуз бўғози фаолиятини фалаж қилиб қўйди. Хавфсизлик таҳдидлари кучайган шароитда юк ташувчи компаниялар муқобил савдо йўлларига тобора кўпроқ қизиқиш билдирмоқда.
Август ойида Хитой ҳам Шимолий Муз океани орқали ўтувчи ва Россиянинг Шимолий денгиз йўлини қамраб олувчи «Муз Ипак йўли» номли янги денгиз йўналишини эълон қилган эди.
Иқлим ўзгариши оқибатида Арктикада музларнинг кенг кўламда эриши ушбу йўналишда кемалар қатнайдиган мавсумни узайтирмоқда. Бу эса унинг анъанавий денгиз йўлакларига муносиб муқобил бўлиш истиқболини оширяпти.
Шимолий Муз океанини қоплаб турувчи ва ёзда эриб, сентябр ойида йиллик энг паст нуқтасига тушадиган денгиз музи қатлами рекорд даражада камайди. NASA маълумотларига кўра, бу йил у сунъий йўлдош кузатувлари тарихидаги энг кичик кўрсаткичгача қисқарган.
Путин Россия Арктикасини глобал савдо йўлига айлантира оладими?
Бу анча мураккаб вазифа. Иқлим ўзгариши Арктика қиёфасини аста-секин ўзгартираётган бўлса-да, экспертлар фикрича, минтақа ҳамон асосан ўтиб бўлмас ҳудудлигича қолмоқда.
«Қаттиқ иқлим, кўриш масофасининг пастлиги, кема қатнови учун қулай мавсумнинг қисқалиги ва сузиб юрувчи музлар кенг кўламли тижорий юк ташиш учун жиддий тўсиқ бўлиб қолаверади, — деди Нидерландия Денгиз ҳуқуқи институти (NILOS) тадқиқотчиси Андрей Тодоров «Ал-Жазира»га.
Тодоровнинг фикрича, ушбу йўналишдаги қатнов «жуда тор ва чекланган» доирада қолиб, асосан Россиянинг Арктикада қазиб олинган минерал ресурсларини жаҳон бозорига олиб чиқишга хизмат қилади. Таҳлилчининг тахминича, бу ердан энг кўпи билан «анъанавий жанубий йўналишлар билан мутлақо таққослаб бўлмайдиган даражадаги кичик транзит контейнер ташувлари»гина ўтиши мумкин.
Европанинг Россия энергетика секторига қарши санкциялари Москва учун нефт ва газни Осиё бозорларига муқобил денгиз йўллари орқали етказиб бериш заруратини янада кучайтирди — айниқса, Россия ва Украина кучлари Қора денгиздаги юк кемаларини нишонга олаётган бир пайтда.
Шимолий денгиз йўлининг очилиши Арктика учун нимани англатади?
Экологик жиҳатдан, кема қатновининг ортиши қора углерод чиқиндиларини кўпайтириб, Арктика минтақасида иқлим ўзгариши, атроф-муҳит ифлосланиши ва биохилма-хиллик камайишини янада кучайтириши мумкин. «Ocean & Coastal Management» журналида 2024 йилда эълон қилинган таҳлил Арктикадаги кема қатнови сув ҳавзалари ва ёввойи табиатга салбий таъсир кўрсатаётганини, шунингдек, ҳавога зарарли моддалар чиқарилишини ошираётганини тасдиқлаган.
Эриётган музлар янги геосиёсий зиддиятларни ҳам юзага чиқармоқда. Шимолий денгиз йўлининг катта қисми Россиянинг иқтисодий зонаси орқали ўтади ва у ердаги кема қатновини Москва тартибга солади. Россия ва Хитой ушбу йўналишни ривожлантиришда ҳамкорликни кучайтираётган бир пайтда, АҚШ президенти Доналд Трамп Москва ва Пекиннинг Арктикада ҳукмронлик қилишига йўл қўймаслик учун Вашингтон Гренландияни ўз назоратига олиши шартлигини бир неча бор таъкидлади.
Сентябр ойида АҚШ, Дания ва Гренландия Ню-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеяси доирасида келишув имзолади. Унга кўра, Вашингтонга қитъа катталигидаги ушбу Арктика оролида янада кенгроқ ҳарбий иштирок этиш ҳуқуқи берилди. Бунгача Трампнинг Данияга тегишли ушбу ҳудудни эгаллаб олиш ҳақидаги такрорий таҳдидлари АҚШнинг европалик иттифоқчилари билан муносабатларини таранглаштириб юборган эди.





