Қўмита раисига савол: Машҳур ўзбек фильмлари олинган жойлар қачон туристик масканга айланади?
Туризм қўмитаси ташкил этган тадбирда Vaqt.uz мухбири томонидан совет даврида ва ундан кейин яратилган машҳур ўзбек фильмлари тасвирга олинган уйлардан туризм манзили сифатида фойдаланилмаслиги масаласи кўтарилди.

15 май куни Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов иштирокида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ташкил қилинди. Тадбир давомида Vaqt.uz мухбири Илёс Сафаров томонидан совет даврида ва ундан кейин яратилган машҳур ўзбек фильмлари тасвирга олинган уйларни туризм манзили сифатида фойдаланилмаслиги масаласида савол билан мурожаат қилинди.
Қўмита раиси Абдулазиз Аққулов эса саволга жавоб бераркан, бу йўналишда ишлар бошланганини айтиб, Ўзбекистонда ҳам Малта ёки Туркия тажрибаси асосида кино ишлаб чиқарувчиларга харажатларнинг бир қисмини давлат томонидан қайтариб бериш (rebate) тизими йўлга қўйилганини эслатди.
«Президентимизнинг тегишли қарори билан ўтган йилнинг ноябр ойида бизда ҳам мана шундай тизим жорий этилди ва ҳозирда унинг тартиби ишлаб чиқилган. Айни пайтда вакилларимиз Канн халқаро кинофестивалида алоҳида павилон билан қатнашмоқда. Шунингдек, бугунги кунга келиб, дастлабки келишувлар асосида Ўзбекистонда учта йирик фильм тасвирга олиниши режалаштирилган. Улардан иккитасида Голливуднинг жуда таниқли актёрлари суратга тушади. Шартнома шартларига кўра, ҳозирча фильм номларини очиқлай олмаймиз, вақти келиб ижодкорларнинг ўзлари матбуот анжумани ўтказишади. Ушбу фильмлар Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Бухорода тасвирга олинади. Ишонамизки, янги жорий этилган иқтисодий механизмлар орқали биз ҳам Туркия сериаллари каби ва ундан-да юқори натижаларни қўлга киритамиз», – деди у.
Аммо журналист булар янги лойиҳалар эканини, савол эса аввалроқ тасвирга олинган ва халқнинг кўнглидан чуқур жой олган мавжуд асарлар ҳақида бўлганини эслатди.
«Масалан, Сижжакда «Суюнчи» фильми, Тошкентда «Шайтанат» сериали тасвирга олинган хонадонлар бор. Мана шу мавжуд манзилларни туристик объектга, ўша фильмларга оид музейларга айлантириш, уларнинг ягона рўйхатини тузиш режада борми? Шахсан мен «Шайтанат» ёки «Суюнчи» олинган уйларни кўриш, ностальгия учун бемалол 200–300 минг сўм пул сарфлаб борган бўлардим. Сизларда шундай объектларни оммалаштириш режаси борми?» — дея савол берди таҳририят мухбири.
Шундан сўнг саволга қўмита масъул ходими Жамшид Ғозиев жавоб қайтарди. Унинг таъкидлашича, бу масалада умуман ишланмаяпти деб бўлмайди.
«Сиз айтган йўналиш бўйича ҳам бизда аниқ манзиллар рўйхати ва махсус дастурлар мавжуд. Тўғри, бу объектлар ҳозирча кўпроқ маҳаллий туристлар учун хизмат қилмоқда. Масалан, Қўқон шаҳрида «Ўткан кунлар» фильмидаги Отабек ва Кумушнинг учрашуви тасвирга олинган хонадон тадбиркорлар томонидан алоҳида туристик объектга айлантирилган ва у ерга кўплаб туристлар бормоқда. Шунингдек, Марғилонда Бурҳониддин Марғиноний билан боғлиқ масканларда ҳам шундай тизим бор. Тошкент шаҳрида ҳам бундай хонадонлар мавжуд. Балки бу ҳақда сизда тўлиқ маълумот бўлмагани учун у ерларга бормагандирсиз», – деди Ғозиев.
Қўмита мутасаддисининг жавобидан сўнг журналист агар шундай ишлар қилинаётган бўлса, унда нега улар оммавий эмаслиги ва қўмита томонидан бу лойиҳаларга айнан қандай амалий ёрдам берилгани билан қизиқди. Мухбирнинг эътирозларига кўра, Қўқон ёки Марғилондаги объектлар кўпроқ маҳаллий бошқармалар ва тадбиркорларнинг шахсий ташаббуси билан қилинган ишларга ўхшайди.
Баҳсга қўмита раиси Абдулазиз Аққулов якун ясади ва бу йўналиш чиндан ҳам суст тарғиб қилинаётганини тан олди.
«Агар бу борада кенг қамровли дастурлар бўлса-ю, оммавий ахборот воситалари ходимлари ундан бехабар бўлса, демак, соҳада тарғибот ишлари жуда суст. Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, биз нафақат янги лойиҳалар, балки мавжуд тарихий ва маданий объектларимизнинг тарғиботи устида ҳам жиддий ишлашимиз керак. Буни менга уй вазифаси қилиб беринг», — деди қўмита раҳбари Абдулазиз Аққулов.
Teglar






