Қорақалпоғистонда қоида бузган метан заправка лицензиясидан маҳрум этилди

Газ тўлдириш қоидаларини бузган метан заправкасида портлаш содир бўлган.

Қорақалпоғистонда қоида бузган метан заправка лицензиясидан маҳрум этилди

Қорақалпоғистонда автомобилларга газ тўлдириш талабларини қўпол равишда бузган метан заправка фаолияти суд қарори билан тўхтатилди. Бу ҳақда Ўзенергоинспексия маълум қилди.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 2 январ куни ушбу шохобчада жиддий қоидабузарлик содир этилган. Яъни метан газ балони ўрнига пропан балони ўрнатилган автомобилга сиқилган табиий газ қуйилган. Бу эса хавфли ҳолатни юзага келтириб, портлашга сабаб бўлган.

Ушбу ҳодиса ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинганидан сўнг, ҳолат Ўзенергоинспексия томонидан атрофлича ўрганилди. Текширув натижаларига кўра, шохобча лицензия талабларини қўпол равишда бузгани аниқланган.

Шундан сўнг инспекция томонидан судга мурожаат киритилиб, лицензияни бекор қилиш сўралди. Қорақалпоғистон иқтисодий судининг 2026 йил 8 апрелдаги қарори билан “К.М.” МЧЖ айбдор деб топилди ва унга тегишли лицензия бекор қилинди.

Мутасаддилар таъкидлашича, газ баллонларини ўрнатиш ва ундан фойдаланишда белгиланган техник талабларга қатъий амал қилиш шарт. Рухсат этувчи ҳужжатлари мавжуд бўлмаган автомобилларга газ қуйиш эса жиддий қоидабузарлик ҳисобланади.

Онлайн назорат тизими

Шу билан бирга, 2025 йил октябридан бошлаб мамлакатда газ қуйиш шохобчалари учун UGaz онлайн назорат тизими жорий этилган. У реал вақт режимида газ сарфини кузатиш, шунингдек, хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.

Тизим орқали автомобиллар автоматик текширилиб, техник кўрик муддати тугаган ёки газ ускунасига рухсатномаси бўлмаган транспорт воситалари аниқланади. Шунингдек, мос келмайдиган ёқилғи тури қуйилаётгани ҳақида ҳам операторлар огоҳлантирилади.

Мутахассислар фикрича, бундай рақамли назорат тизимлари хавфли ҳолатларнинг олдини олиш ва инсонлар ҳаётини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Teglar

Mavzuga oid