Logo

Қозоғистон Ўзбекистон фуқаролари учун ETA тизимини жорий қилади

1-ноябрдан бошлаб Қозоғистонга самолётда кирувчи Ўзбекистон фуқаролари электрон рухсатнома олиши керак бўлади. Кейинчалик талаб автомобиль, темирйўл ва денгиз транспортида келувчиларга ҳам татбиқ этилади.

Қозоғистон Ўзбекистон фуқаролари учун ETA тизимини жорий қилади © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Қозоғистон визасиз режим амал қиладиган давлатлар фуқаролари учун мамлакатга киришда электрон рухсатнома — Electronic Travel Authorization (ETA) тизимини босқичма-босқич жорий қилмоқда. Янги тартиб Ўзбекистон фуқароларига ҳам тааллуқли.

Электрон рухсатнома QazETA рақамли платформаси орқали расмийлаштирилади. Платформа маълумотларига кўра, аризани сафардан камида 72 соат олдин топшириш тавсия этилади. Рухсатнома 180 кун амал қилади.

QazETA қабул қилинадиган ҳужжатлар рўйхатида Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларининг ID-карталари ҳам алоҳида кўрсатилган.

Янги тизим 25-августдан 1-ноябрга қадар синов тариқасида ишлайди. Бу даврда ETA олмаган хорижликларнинг Қозоғистонга кириши рад этилмайди. Бироқ уларга кейинги сафарларда электрон рухсатнома талаб қилиниши ҳақида огоҳлантирилади.

ETA қайси санадан мажбурий бўлади?

1-ноябрдан электрон рухсатнома Қозоғистонга самолёт орқали кирувчилар учун мажбурий бўлади. ETA’си бўлмаган йўловчиларни авиакомпаниялар рейсга чиқармаслиги белгиланган.

15-ноябрдан талаб Евроосиё иқтисодий иттифоқининг ташқи чегараларидаги автомобиль ўтказиш пунктларига ҳам татбиқ этилади. Бу Қозоғистоннинг Хитой, Туркманистон ва Ўзбекистон билан чегараларини қамраб олади.

Шу тариқа, Ўзбекистондан Қозоғистонга автомобиль ёки автобусда кирувчилар ҳам 15-ноябрдан ETA расмийлаштириши керак бўлади.

30-ноябрдан электрон рухсатнома талаби Қозоғистоннинг Россия ва Қирғизистон билан автомобиль чегараларига, 15-декабрдан эса темирйўл ва денгиз транспорти орқали кирувчиларга ҳам жорий этилади.

Сербия Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ETA’ни олдиндан расмийлаштириш нархи тахминан 3 900 тенге, чегарада ариза бериш эса 7 800 тенге бўлиши кутилмоқда.

Электрон рухсатнома жорий қилиниши Қозоғистон билан амалдаги визасиз режимни бекор қилмайди.

Teglar

Mavzuga oid